Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) биринчи ўқишда педофилия ва болаларни ўлдирганлик учун фақат умрбод қамоқ жазосини назарда тутувчи тузатишларни қабул қилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.
Гап Президент Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига биноан ишлаб чиқилган «Аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида бормоқда. Унда, жумладан, вояга етмаган шахсга ёки ночор бола соғлиғига оғир ва ўртача оғирликда зарар етказганлик учун озодликни чеклаш жазосини қўллаш бекор қилинади.Бу ишда шартли жазо озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилди.
Бундан ташқари, вояга етмаган болани ўлдирганлик ёки педофилия учун муқобилсиз тарзда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилади.
Қуйидаги ҳолатлар учун жиноий жавобгарлик тикланади:
- саломатликка енгил зарар етказганлик учун 200 ойлик ҳисоб миқдорида (ОҲМ) (2024 йили — 3692 тенге/8 АҚШ доллари) жарима ёки 200 соатгача жамоат ишлари ёхуд 50 суткагача қамоқ билан жазоланади;
- тажовуз қилганлик учун — 80 ОҲМ гача жарима ёки 80 соатгача жамоат ишлари ёхуд 25 суткагача қамоқ жазоси.
Вояга етмаган шахсга нисбатан ёки оилавий-маиший муносабатлар соҳасида маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарори билан тиббий муассасаларда психологик ёрдам олишлари талаб қилиниши мумкин.
Шахсни ўз жонига қасд қилишига оборганлик ёки ўз жонига қасд қилишга ундаганлик учун 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади. Шу билан бирга, ўз жонига қасд қилишга тарғиб қилганлик учун янги жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда — 200 ОҲМ миқдорида жарима. Вояга етмаган шахсга нисбатан буллинг (тахқирлаш) ва кибербуллинг 10 ОҲМ миқдорида маъмурий жарима билан жазоланади.
Қозоғистонда ўтган йилдан бери аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо чораларини кучайтириш фаол муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Президент ҳам бир неча бор гапирган. Парламент тегишли қонун лойиҳасини январь ойи охирида қабул қилди.