Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, шунингдек, экотуризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳага 205 миллион доллар сармоя йўналтиради. Бу ҳақда Республика Президенти Шавкат Мирзиёев танишган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги режалар тақдимотида сўз юритилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Қайд этилишича, «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳаси Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида амалга оширилмоқда ва у олти йилга мўлжалланган.
Бу вақт ичида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
✅ ўрмонларни тиклаш ва муҳофаза қилишда инновацион бошқарув тизими ҳамда ахборот технологиялар жорий қилинади;
✅ деградацияга учраган ўрмон ерлари тикланади;
✅ чегарадош ҳудудлардаги ландшафтни тиклаш бўйича қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ривожлантирилади.
Буларнинг натижасида, жумладан, 175 минг гектар ўрмонлар ва 38 минг гектар яйловларни қайта тиклаш, 19 минг гектарда агроўрмон ва 5 минг гектарда саноатбоп ўрмонлар барпо этиш, 63 километр эко йўлаклар ташкил қилиш кўзда тутилган.
Тақдимотда жорий йилнинг 12-17 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси иштирокчиларининг 14-конференцияси бўлиб ўтгани, унда 130 мамлакатдан икки мингга яқин делегат иштирок этгани эслаб ўтилди.
Тадбир якунлари бўйича Конвенцияга аъзо давлатлар томонидан ижрога қаратилиши учун 2024-2032 йилларга мўлжалланган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари бўйича Самарқанд стратегик режаси тасдиқланди. Экологик боғлиқлик бўйича глобал ҳамкорлик (GPEC) ташаббуси ишга туширилди.
Бундан ташқари, маҳаллий расмийлар Жаҳон банки билан Марказий Осиё минтақасида олтита трансчегаравий муҳофаза қилинадиган ҳудудни яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоладилар.
Тақдимот чоғида қаттиқ маиший чиқиндиларни (ҚМЧ) бошқариш тизими масаласи кўтарилди. Жумладан, Президент Мирзиёевнинг 4 январдаги чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган қарори бандлари ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳақида тегишли идоралар ходимлари ахборот берди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда йилига ўртача 6,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Маҳаллаларнинг 90 фоизи санитария хизмати билан қамраб олинганига қарамай, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси пастлигича қолмоқда. Ҳозир республика бўйича атиги 313 та шундай корхоналар мавжуд.
Чиқинди полигонларини ишга туширишда инвестицияларни жалб қилиш учун махсус иқтисодий зоналар режимини жорий этиш, шунингдек, чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш тизимини яратиш режалаштирилган. Дастлабки тажриба лойиҳаси Андижон вилоятида ишга туширилади. Андижон вилоятида органик чиқиндидан 100 минг тонна ўғит, Асакада чиқиндидан йилига 2 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарадиган лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ишларни амалга ошириш 13 миллион доллар инвестиция йўналтирилади.
Президентнинг юқорида қайд этилган қарорида чиқиндилардан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди:
👉 иккиламчи хомашёни фақат биржа орқали сотиш (2024 йил 1 июндан);
👉 чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади.
👉 Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида хусусий шериклик ривожлантирилади.