Американинг Wabtec компанияси Қозоғистон локомотив йиғув заводининг ягона эгаси бўлди

aolkz.kz сайти фотосурати

Американинг Wabtec компанияси Қозоғистоннинг «Локомотив курастыру зауыты» (ЛКЗ) локомотив йиғув заводининг 50% улушини 81 миллион долларга сотиб олди ва корхонанинг ягона эгасига айланди. Бу ҳақда Forbes.kz компаниянинг молиявий ҳисоботига таяниб хабар берди.

Илгари ЛКЗ паритет асосида Wabtec ва Россиянинг «Трансмашхолдинг»гига тегишли эди. Бу Россиядаги темир йўл транспорти учун ҳаракатланувчи таркиб ишлаб чиқарувчи иккита йирик компаниядан биридир. 2023 йилнинг кузида у АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) томонидан санкциялар рўйхатига киритилган эди.

«Локомотив курастыру зауыты»да Қирғизистон, Тожикистон, Украина, Туркманистон ва Озарбайжон темир йўлларида қўлланиладиган Evolution серияли тепловозлар ишлаб чиқарилади. «Техника железных дорог» Телеграм-каналида таъкидланишича, бундай локомотивлардан бири ўртача 4 миллион долларга тушади. 2023 йил охирига келиб, «КТЖ – Юк ташувчилари»даги Америка тепловозлари сони 440 донадан ошиб кетган, бу эса ишлаб чиқаришнинг чорак қисмидан кўпроғини ташкил этади. («Казахстан темир жолы» (КТЖ) — Қозоғистондаги магистрал темир йўл тармоғининг энг йирик оператори ҳисобланади – таҳр.изоҳи).

Ўтган йил сентябрь ойида КТЗ паркнинг 15 фоизини янгилаш учун 240 та Wabtec локомотивларини сотиб олиш учун Американинг Citibankидан 900 миллион доллар қарз олиши эълон қилинганди.

Шу билан бирга, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2023 йил сентябрь ойида АҚШга ташрифи чоғида Нью-Йоркда Wabtec компанияси раҳбари Рафаэль Сантана билан республика темир йўл саноатини реконструкция қилиш доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилгани хабар қилинганди. Қайд этилишича, Wabtec Қозоғистон транспорт-логистика саноатига 1 миллиард доллар сармоя киритади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ