Қатарлик сармоядорлар Қозоғистон қишлоқ хўжалигига 500 миллион доллар сармоя киритиш ниятида, деб хабар беради республика Қишлоқ хўжалиги вазирлик матбуот хизмати. Тегишли келишувларга Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг 14 февраль куни якунланган Қатарга давлат ташрифи чоғида эришилган.
Жумладан, Қатарнинг Hassad Food компанияси, Туркиянинг Tiryaki компанияси ва «Байтерек» миллий бошқарув холдинги ўртасида Оқмўла вилоятида завод қуриш бўйича келишувга эришилган. Корхона ғалла ва нўхатни чуқур қайта ишлаш билан шуғулланади. Ушбу лойиҳа 200 миллион долларга баҳоланмоқда.
Яна бир шартнома Қозоғистоннинг Dinara Group холдинги ва Qatar National Enterprises ўртасида имзоланган. Томонлар Қозоғистон ва Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш учун тўғридан-тўғри инвестиция фондини яратишмоқчи.
«Имзоланган шартнома доирасида Dinara Group мавжуд сут, гўшт ва ўсимликчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ўзининг наслчилик базасини ривожлантириш ва қўшимча сут фермалари қуриш, сутни қайта ишлаш ва пишлоқ ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни Хитой ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирмоқда. Инвестициялар ҳажми қарийб 300 миллион долларни ташкил этади», — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида.
Шу билан бирга, бу йил Қозоғистон Қатарга қўй гўшти экспортини икки баробарга оширмоқчи. Томонлар, шунингдек, Эрон орқали Қатарга ғалла экинларини логистика билан таъминлаш масаласини ҳам муҳокама қилганлар.
Президент Тўқаевнинг Қатарга ташрифи якунлари бўйича Қозоғистон раҳбари яқин келажакда бу давлат Қозоғистоннинг энг йирик ўнта инвесторидан бирига айланишига умид билдирди. Давлат раҳбари Қозоғистон Қатарга умумий қиймати 250 миллион доллар бўлган 60 та норесурс товар маҳсулоти бўйича экспорт ҳажмини оширишга тайёрлигини таъкидлади ва яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишни таклиф қилди.