«Навбаҳор» Чемпионлар лигаси 1/8 босқичи доирасида Саудиянинг «Ал-Иттиҳод» жамоаси билан дуранг ўйнади

"Навбахор"-"Ал-Иттиҳод" ўйинидан лавҳа. the-afc сайди видеосидан кадр

Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси Осиё футбол конфедерасияси (ОФК) Чемпионлар лигаси 1/8 финали дастлабки учрашувида Саудия Арабистонининг энг кучли клубларидан бири «Ал-Иттиҳод» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.

Ўйин бошланишидан олдин жамоа устози Галлардо билан жанжаллашиб, таркибдаги ўрнини бой берган «Ал-Иттиҳод» етакчиларидан бири, «Олтин тўп» соҳиби, франциялик Карим Бензема Наманганга келмаслиги маълум бўлди. Айни пайтда «Ал-Иттиҳод» таркибида Бенземасиз ҳам юқори савияли футболчилар етарли, жумладан, бразилияликлар Ромариньо ва Фабиньо, франциялик Нъголо Канте ва марокашлик Абдераззак Ҳамдаллаҳ, шунинг учун «Навбаҳор»га жуда кам мутахассислар ишонарди.

Учрашув ҳақиқатдан ҳам кўп ҳолларда саудияликларнинг устунлиги остида ўтди, улар дастлабки дақиқаларданоқ Ўткир Юсупов дарвозасига ҳақиқий ҳужум уюштиришди, ҳатто бир марта дарвоза тўсинига ҳам зарба беришди. Бироқ мезбонлар ўйинни тенглаштириб, иккинчи бўлимда бир нечта хавфли вазиятлар яратишолди. Ўйиннинг сўнгги ўн дақиқаси «Навбаҳор» учун ниҳоятда кескин курашларга бой бўлди, аммо наманганликлар босимни ушлаб турди ва учрашувни 0:0 ҳисобида якунлашди.

Жавоб ўйини 22 февраль куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.

1/8 финалнинг яна бир учрашувида Қаршининг «Насаф» жамоаси БААнинг «Ал-Айн» клуби билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.

Чемпионлар лигасининг 2023/2024 йилги мавсуми гуруҳ босқичида «Насаф» ва «Навбаҳор»дан ташқари Олмалиқнинг АГМК, Тошкентнинг «Пахтакор», Душанбенинг !Истиқлол» ва Ашхободнинг «Аҳал» жамоалари иштирок этишди, бироқ бу жамоаларнинг барчаси плей-оффга чиқа олмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ