Қозоғистонликларнинг 55 млн доллардан ортиқ пенсия активлари Air Astana акцияларига йўналтирилди

Air Astana авиакомпаниясининг Airbus A321 самолёти. Wikipedia.org сайтидаги Anna Zvereva фотосурати

Қозоғистоннинг Ягона жамланувчи пенсия фонди (ЯЖПФ) фуқароларнинг пенсия активларини Air Astana акцияларига инвестиция қилди, деб хабар беради Республика Миллий банки.

Авиакомпаниянинг IPO доирасида ЯЖПФ Air Astanaнинг 24,9 миллиард тенге (55,7 миллион доллар) миқдоридаги оддий акцияларини сотиб олган. Жами 23 миллион донадан ортиқ акциялар ёки чиқарилган қимматли қоғозларнинг 6,5 фоизи сотиб олинган. Битта акциянинг нархи 1073,83 тенге (2,4 доллар)ни ташкил қилади.

Пенсия жамғармаларини Air Astanaга инвестиция қилиш тўғрисидаги қарор «барқарор молиявий кўрсаткичларга, шунингдек компания фаолиятининг юқори рентабеллигига асосланган бўлиб, бу келажакда барқарор дивидендлар тўлаш имконини беради», деб таъкидлайди регулятор ва ушбу инвестициялар ЯЖПФ инвесторларига «Марказий Осиёдаги етакчи авиация бозорининг акциядорларига айланиш имконини беради», дея қўшимча қилган.

Бир кун аввал Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳам Air Astanaнинг 5 фоиз улуши билан миноритар акциядорига айлангани маълум бўлганди. IPO доирасида у Air Astana акцияларини 41,99 миллион долларга сотиб олган.

Air Astana авиакомпанияси 2001 йил сентябрида ташкил этилган. Унинг асосий фаолияти йўловчилар учун мунтазам ички ва халқаро авиа ташувларини таъминлашдан иборат. Гуруҳ таркибига иккита авиаташувчи – Air Astana ва Fly Arystan киради, улар битта юридик шахс ҳисобланади. Компаниянинг IPOга чиқарилиши ҳақида 2011 йилдан, яъни у хусусийлаштириш рўйхатига киритилганидан бери гапирилади. Бироқ, ташувчининг акциялари жорий йил февраль ойи бошидагина жойлаштирилди.

Kursiv.kz хабарига кўра, IPO натижасида Air Astana 120 миллион доллар йиққан. Air Astana авиакомпаниясининг ҳозирги акциядорлари «Самрук-Казына» фонди ва Британиянинг ВАE Systems компанияси ундаги улушларини мос равишда 51 фоиз ва 49 фоиздан 41 фоиз ва 15,3 фоизга камайтирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ