Ўзбекистоннинг Saneg корхонаси CGC Lubricants Italy компаниясини сотиб олди

Бари шаҳридаги SANEG OIL ITALY S.P.A зақводи. Компания матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистондаги энг йирик хусусий нефт-газ компанияси Saneg Италиянинг юқори сифатли автомобиль ва саноат мойлари ва мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчи CGC Lubricants Italy S.P.A компаниясини сотиб олганини эълон қилди.

«Ушбу харид орқали Saneg Европа бозоридаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтиради ва мойлаш маҳсулотлари саноатида технологик етакчи сифатидаги ўз мавқеини мустаҳкамлайди», — деб тушунтирди компания.

CGC Lubricants Italy компанияси Ўзбекистондаги етакчи техник мойлар ишлаб чиқарувчи Saneg компаниясининг шўъба корхонаси SEG Motol билан ҳам стратегик ҳамкорлик шартномасини тузди. Битим натижасида Италия компанияси SANEG OIL ITALY S.P.A номини олди

Шартноманинг асосий параметрлари таркибига формулалар ва технологиялар соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚЗ) томонидан ишлаб чиқарилган базавий мойлар учун Европа хавфсизлик сертификатларини олиш киради.

Saneg Италия, Франция, Испания ва Португалияда ҳар йили 26 минг тоннагача маҳсулот етказиб берадиган кенг тармоққа кириш туфайли Италия ва Европа мойлаш материаллари бозорининг муҳим улушини олади. Ўз навбатида, CGC Lubricants Italy CГC Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи учун юқори технологияли маҳсулотларнинг стратегик етказиб берувчиси сифатида Ўзбекистон ва ундан ташқаридаги бозорларга маҳсулотларни узлуксиз етказиб беришни таъминлайди.

«Икки компания ўртасидаги ҳамкорлик нафақат Sanegнинг Европа бозоридаги иштирокини кенгайтирибгина қолмай, балки Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги мойлаш материаллари саноатида технологик етакчи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди. Бу компаниянинг импорт ўрнини босишни рағбатлантирган ҳолда мамлакат истеъмолчиларини зарур сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш истагига мос келади», — деди келишувлар натижалари ҳақида Saneg компанияси бошқаруви раиси Бахтиёр Фазилов.

ℹ️ CGC Lubricants Italyнинг Бари шаҳрида замонавий ишлаб чиқариш заводи ва Римда тижорат идораси мавжуд. Корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари юқори даражада автоматлаштирилган бўлиб, 200 дан ортиқ турдаги мойлаш материалларини самарали ва изчил ишлаб чиқаришни таъминлайди. Saneg бош директори Тўлқин Юсуповнинг сўзларига кўра, Бари заводида аккредитациядан ўтган илмий-тадқиқот лабораторияси мавжуд бўлиб, у доимо инновациялар жорий этиб, кенг турдаги янги мойлаш материалларини ишлаб чиқади. Ушбу тажриба ФНҚЗда қўлланилади. SANEG OIL ITALY S.P.A нинг илғор технологиялари ва ноу-хауси Ўзбекистонда мойлаш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ