Туркманистон ҳукумати пахта ва ғалла харид нархини бир неча бор оширди

Буғдой ўрими. kuban.rspp.ru сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати буғдой ва пахта харид нархларини кескин оширди. Тегишли фармонни республика президенти Сердар Бердимуҳамедов имзолади, дея хабар беради TDH.gov.

Шу тариқа, буғдойнинг бир тоннаси нархи 800 дан 2000 манатга (бозор курси бўйича 40 доллардан 100 долларга) кўтарилди, бу эса давлат дўконларида нон ва ун нархининг ошишига олиб келди.

Ўрта толали пахта нархи бир тонна учун 1365-1500 манатдан 4550-5000 манатгача (68-75 доллардан 227-250 долларгача) ошади. Ингичка толали пахта нархи мос равишда бир тонна учун 1820-2000 дан 6100-6700 манатгача (91-100 доллардан 305-335 долларгача) ошади.

Turkmen.newsнинг аниқлик киритишича, харид нархлари беш йилдан бери оширилмаган. Яшаш қимматлиги, озиқ-овқат ва кийим-кечак нархининг кўтарилиши туфайли фермерлар ўз меҳнатлари учун етарли маблағ ололмаганлар. Бундан ташқари, 2023 йили Тошҳовуз ва Мари вилоятларининг айрим этрапларида (туманларида) ғўзалар кам суғорилгани сабаб, пахта йиғим-терими режа бўйича анча паст бўлган. Кам ҳосил етишрилгани туфайли юзлаб оилалар давлатдан қарздор бўлиб қолишган ва бу қарзлар кейинги мавсумга қолдирилади. Яъни, 2024 йилги ҳосил йиғиб олингандан кейин, қарзлар япилади.

«Суғориш, сифатли уруғлик, ўғит йўқ. Оқибатда Тошҳовуз ва Мари вилоятларида юзлаб гектар далалар ташлаб кетилган. Деҳқонлар қуруқ тупроққа экишга уриниб, қайтадан экин экишди, аммо ҳеч нарса натижа бермади. Оқибатда илгари пахта экиладиган кенг майдонлар фойдаланилмай қолди», — деб ёзади нашр манбага таяниб.

Туркманистонда ер давлатга тегишли, деҳқонлар ундан ижарачи сифатида фойдаланишади. Давлат маҳсулотнинг ягона қонуний харидоридир. Қонунга кўра, ҳукумат қишлоқ аҳолисига зарур бўлган ҳамма нарсани — уруғлик ва суғоришдан тортиб, йиғим-терим техникасигача арзон нархларда тақдим этиши керак. Аммо ҳар бир ҳаракат учун фермерлар норасмий равишда тегишли ишчиларга — шудгорлаш учун трактор ҳайдовчисига, ўрим-йиғим учун комбайнерга маош тўлашга мажбур.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ