Остона суди собиқ Маданият вазири жазо муддатини узайтириб, хотинини қамоққа олди

Аристанбек Муҳамедиули. kaztag.kz сайти фотосурати

Остона жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Қозоғистоннинг собиқ Маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиулини ўта йирик миқдорда пора беришга уринишда айблаб, жазо муддатини ҳозирги 8 йилдан 11 йилга узайтирди, деб хабар беради NUR.kz.

Собиқ вазирга давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳам умрбод тақиқланган. Муҳамедиули билан бирга унинг рафиқаси Галия Искакова ҳам судланган, у олти ойга, адвокат Мустахим Тулеев эса 10 йил муддатга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Айбловга кўра, 2022 йил декабрида Муҳамедиули Остонадаги тергов изоляторида бўлганида ҳибсдан озод бўлиб, «Дипломат» меҳмонхонаси эгалик ҳуқуқини сақлаб қолмоқчи бўлган. Бунинг учун у адвокат Мустахим Тулеев орқали мансабдор шахсларга пора беришга қарор қилган.

Воситачи собиқ вазирнинг рафиқаси Галия Искакова бўлган. Кафеда у Тулеевга «Дипломат» меҳмонхонаси масаласини ижобий ҳал этиши учун 140 минг доллар берган. 2023 йил январь ойида у эрининг эҳтиёт чорасини ўзгартиргани учун унга адвокат машинасида 120 минг доллар берган. Ўша йилнинг апрель ойида Искакова ҳайдовчи орқали Тулеевга жазони енгиллаштириш учун яна 100 минг доллар берган. 2023 йил июнь ойида у ўғли орқали адвокатга яна 100 минг доллар етказиб берган.

«Тулеев алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан пул маблағларини ўзлаштириб, ўз хоҳишига кўра ишлатган», — дейилади судда.

Натижада, Муҳамедиули катта миқдорда пора беришга уринишда айбланиб судланган. Унинг рафиқаси порахўрликда воситачилик қилганликда, адвокати эса, катта миқдордаги фирибгарликда айбдор деб топилган.

Аристанбек Муҳамедиули Нурсултон Назарбоев президентлиги даврида Маданият ва спорт вазири лавозимида ишлаган. Бир қатор Қозоғистон ОАВлари у биринчи президентнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева паноҳида бўлгани ҳақида ёзишган. Собиқ амалдор 2022 йил май ойида ҳибсга олинган. У мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Олтин одамнинг дунё музейлари бўйлаб саёҳати» халқаро кўргазмаси, шунингдек, бир қатор ихтисослаштирилган лойиҳалар учун ажратилган бюджет маблағларини ўғирлашда айбланган. Собиқ вазирга нисбатан 2023 йил ёзида суд ҳукми чиқарилган.

Сентябрь ойида Остонада Муҳамедиули устидан иккинчи суд жараёни бўлиб ўтади. У «Дипломат» меҳмонхонасини куч билан қўлга киритишга уринишда айбланган. Ҳозирча бу иш бўйича ҳукм чиқарилмаган.

Собиқ амалдорнинг рафиқаси Галия Искакова асли санъатшунос ва тадбиркор аёл бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ