Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) раиси Жанат Элиманов Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар беради Оқўрда сайти.
Тегишли фармойиш Президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланди. Шу билан бирга, Элиманов илгари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, дейилади хабарда.
Жанат Элиманов ММАни 2021 йил 28 январдан буён бошқариб келган. Бунгача у Молия вазирлигининг Молиявий мониторинг қўмитаси раиси, ушбу қўмита раиси ўринбосари, Қарағанда вилояти прокурори ўринбосари лавозимларида ишлаган.
МХҚ раисининг биринчи ўринбосари лавозими охирги икки йил давомида бўш турган. 2022 йил январь ойидаги тартибсизликлар авжига чиққанида, уни қисқа муддатга Тўқаев маъмурияти раҳбари ўринбосари Мурат Нуртлеу эгаллаган ва бир ойдан камроқ вақт ўтиб президент маъмуриятига раҳбарлик қилган. 2022 йил 17 январига қадар Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абиш бўлган, у ушбу лавозимни етти йил бошқарган.
Январь воқеаларидан сўнг унинг бошлиғи, МХҚ раҳбари Карим Масимов, шунингдек, унинг ўринбосарлари Ануар Садиқулов ва Даулет Эрғожин ўз лавозимидан озод қилиниб, судга тортилган. Кейинчалик улар давлатга хиёнат ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринишда айбланиб, узоқ муддатга ҳукм қилинган. Абиш январь ойидаги тартибсизликлар бўйича тергов доирасида кўрсатма берган, бироқ унга қарши ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Фақат 2023 йили унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича жиноий иш очилган, бугунга келиб тергов ишлари якунланган.