Лукашенко: «Мирзиёев бу ерга исталган нарсани олиб кела олади, унинг дунёда улкан алоқалари бор»

Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев Тошкент технопаркида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Беларусь президентларининг «Кўксарой» қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларида Александр Лукашенко қўшма фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришини фаол йўлга қўйишни таклиф қилиб, Шавкат Мирзиёевнинг субстанциялар ишлаб чиқарувчи давлатлар раҳбарлари билан яхши алоқалари борлигини таъкидлади.

«Биз субстанцияни ишлаб чиқариш арзон иш эмаслигини қайд этдик. Бу ерда қўшма саноат яратишимиз мумкин ва у [Мирзиёев] бу ерга исталган субстанцияни олиб кела олади: унинг дунёда улкан алоқалари бор. Биз эса бу ерда дори ишлаб чиқаришимиз мумкин», — дея Беларусь президентининг сўзларидан иқтибос келтиради SB.by.

Беларусь ва Ўзбекистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик масаласини ҳозирданоқ батафсил муҳокама қилмоқда, улар дори воситаларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани таҳлил қилиб, қўшни давлатларга сотиш истиқболи билан энг оммабоп дори воситалари рўйхатини тузмоқчи. Дори-дармонларни техник рўйхатга олиш ҳақида Лукашенко: «Бизда «диктатура» мавжудку, бу масалани бир зумда ҳал қила оламиз», деди.

Музокаралар чоғида президентлар қатор йўналишларда ҳамкорлик қандай ривожланаётгани, қандай натижаларга эришилгани ва бунинг учун зудлик билан ечим топиш керак бўлган масалаларга доир тегишли вазирларнинг маърузалари тингланди. «Бугун биз фундаментал суҳбат қурдик. Уни журналистлар кўрмагани, эшитмагани маъқул. У ерда сўроқ-савол бўлди», — дея жилмайиб қўйди Лукашенко.

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий динамикасини қайд этдилар. Ўтган йил охирида товар айирбошлаш 15 фоизга ўсиб, 565 миллион доллардан ортиқни ташкил этган, ҳукуматлар олдига келгуси йилларда уни 1 миллиард доллардан ортиқроқ даражага етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда томонлар қўшма ташқи савдо компанияси тузади ва савдо маҳсулотларини етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий қилади.

Қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳисобланади. Томонлар барча соҳаларда алоҳида ишчи гуруҳлар тузадилар.

Музокаралар якунлари бўйича Мирзиёев ва Лукашенко қўшма баёнот қабул қилди, улар иштирокида қатор икки томонлама ҳужжатлар ва битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Улар орасида:

👉 2024-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

👉 Маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимларини қўллаш тўғрисида битим;

👉 Рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битим;

👉 Интеллектуал мулк соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

👉 2024-2026 йилларда агросаноат мажмуида ҳамкорлик бўйича «йўл харита»си ва бошқа ҳужжатлар.

Минск ва Тошкент ўртасида қардош шаҳарлар алоқаларини ўрнатиш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишув имзоланди.

Музокаралар якунида Лукашенко ва Мирзиёев ОАВ вакилларига баёнот бериб, икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш белгиси сифатида дарахт кўчати ўтқаздилар, сўнгра Тошкент технопаркига ташриф буюришди.

ℹ️ Александр Лукашенко 7 февраль куни уч кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Беларусь раҳбари 1994 ва 2018 йиллари расмий ташриф билан, 2016 йили (икки марта) ва 2022 йили эса иш ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган. 2014 ва 2019 йиллари Ўзбекистон Президентининг Беларусга расмий ташрифлари бўлиб ўтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ