Ўзбекистонлик ҳакам Илгиз Танташев 2023 йилги Осиё Кубоги финали Қатар — Иордания учрашувига захира ҳаками этиб тайинланди. Яна бир ўзбекистонлик ҳакам Андрей Цапенко ҳакамнинг захирадаги ассистенти вазифасини бажаради.
Майдондаги учрашувни Хитойдан келган ҳакам Ма Нинг бошчилигидаги жамоа бошқариб боради. ВАР ёрдамчиси япониялик Жумпеи Иида бўлади.
Жорий Осиё кубогида Илгиз Танташев ёрдамчилари Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллинлар билан биргаликда учта учрашувда бош ҳакам бўлди, яна учта учрашувда Танташев тўртинчи ҳакам вазифасида ишлаган.
Таъкидлаш жоиз, тожикистонлик ҳакам Саъдулло Гулмуродий илк бор Осиё Кубогида ишлади. У Индонезия — Вьетнам гуруҳ босқичи учрашувида ҳакамлик қилди ва яна иккита учрашувда тўртинчи ҳакам сифатида қатнашди.
Сўнгги Осиё Кубогининг БААда бўлиб ўтган Қатар ва Япония терма жамоалари ўртасидаги учрашувни ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошқариб борган.
Қатар ва Иордания терма жамоалари ўртасидаги Осиё Кубоги-2023 финал учрашуви 10 февраль куни Доҳада бўлиб ўтади.
Осиё кубоги 12 январдан 10 февралга қадар Қатарда бўлиб ўтади. Мусобақа тарихда иккинчи марта кенгайтирилган шаклда ташкил этилиб, унда 24 та жамоа иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккита энг яхши жамоа, шунингдек, ўз гуруҳларида энг яхши натижалар билан учинчи ўринни эгаллаган олтита жамоадан тўрттаси 1/8 плей-офф босқичига йўл олди. Учинчи ўрин учун кураш белгиланмаган.