Ўзбекистон ва Беларусь 2026 йилгача 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди

Марказда- Леонид Заяц ва Жамшид Хўжаев. belta.by сайти фотосурати

2024-2025 йиллари Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ экспорт шартномалари ва инвестиция лойиҳалари амалга oширилади. Бу ҳақда 7 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Икки мамлакат минтақаларининг II форуми чоғида Беларусь Бош вазири ўринбосари Леонид Заяц маълум қилди, деб хабар беради БEЛТА.

Заяцнинг сўзларига кўра, томонлар барча соҳаларда ўзаро англашувга эришган.

«Бу саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, гуманитар масалалар, таълим масалалари, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик, ўрмон хўжалиги соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, шаҳарсозлик, уй-жой коммунал хўжалиги – кенг кўламли масалалардир. Улар умумий қиймати 1,054 миллиард доллар бўлган 99 та ҳужжат билан муҳрланган», — деди Беларусь Бош вазири ўринбосари.

Хусусан, Беларусь Ўзбекистонда болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхонани, Минск автомобил заводининг йўловчи ташиш транспортини йиғишни ташкил этиш, тўқимачилик саноати корхоналарини очиш, пахтачилик тракторларини қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагида.

Форумда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Тошкент ва Минск ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, 2023 йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 565 миллион доллардан ошганини, бироқ бу чегара эмаслигини таъкидлаган. «Мен ва ҳамкасбларим таҳлил қилдик: товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятларимиз мавжуд», — деган Хўжаев.

Унинг сўзларига кўра, Беларусь ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда.

Беларусь ва Ўзбекистон минтақаларининг II форумида умумий қиймати 80 миллион долларга тенг 20 дан ортиқ шартнома ва битимлар тузилди.

ℹ️ Форум Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг 7 феврал куни бошланган Ўзбекистонга уч кунлик расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Беларусь раҳбари 1994 ва 2018 йиллари расмий ташриф билан, 2016 йил (икки марта) ва 2022 йили эса иш ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган. 2014 ва 2019 йиллари Ўзбекистон Президентининг Беларусга расмий ташрифлари бўлиб ўтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ