Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир туман суди Россия фуқаролигини олган наманганлик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. У босқинчиликда (Ўзбекистон ЖК 164-моддаси 4-қисми «а» банди) айбдор деб топилди, деб хабар беради Озодлик (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий бюроси).
Маҳкумнинг адвокати Нурилла Тўлаганов ҳукмдан норози эканини билдириб, уни адолатсиз деб атаган. Адвокат апелляция тартибида биринчи инстанция қарори устидан шикоят қилмоқчи.
Дилшод Тўрахўжаевнинг укаси Дониёрнинг қўшимча қилишича, ҳукм эълон қилинган куни ўнлаб хавфсизлик ходимлари судяга босим ўтказиш учун бўлса керак судда бўлишган. Ўзбекистон фуқаросининг айтишича, бир ой олдин иш қўшимча текширувга қайтарилган, аммо қариндошининг айби исботланмаганига қарамай, 7 февраль куни қарор чиқарилган.
Тўрахўжаев 20 йил аввал Россияга кўчиб ўтган, бироқ 2019 йили ватанига қайтади. Наманган вилоятининг Поп туманидаги Aparat Hotel Kosmos дам олиш маскани қурилишига 25 миллиард сўм (2 миллион доллардан ортиқ) сармоя киритади. Қайд этилишича, мазкур лойиҳа мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юқори баҳоланган. 2022 йили тадбиркор соҳани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Туризм фидоиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Бироқ, бу россиялик фуқарони Ўзбекистон куч ишлатар тизими таъқибидан қутқара олмаган. Ўтган йил апрель ойида Тўрахўжаев Наманган вилоятида қўлга олинган, сўнг пойтахтга олиб кетилган. ИИВ терговчилари тадбиркор бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорнинг 2 миллион долларини тортиб олиш мақсадида босқинчилик қилишни режалаштирганини иддао қилишган.
Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни қайта-қайта қийноққа солишган, айбига иқрор бўлишга ва бизнесни маълум шахсларга ўтказишга мажбурлашган.
Қўлга олинган шахс Ўзбекистон президентига видеомурожаат ёзиб, унда ИИВ ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида гапирган.
«Мени калтаклаган ходим қандайдир ҳужжатга имзо чекишимни талаб қилди ва шу билан бирга мени қўрқитиб: ''Президентинг ўлди, мен сенинг президентингман, мен сенинг адвокатингман, бизга ''Космос''ни берасан'', бўлмаса сени ''босқинчилик'' эпизодига қўшиб, шундай қиламанки, камидада 15 йил қамоқ жазосини оласан, деди», — дея шикоят қилган Тўрахўжаев.
Унинг сўзларига кўра, «қоғозларга» имзо қўйишдан бош тортгани учун бир неча киши уни бир ярим метрга кўтариб, полга улоқтиришган. Бундан ташқари, тергов изоляторида россияликнинг бурни ва оғзини лента билан боғлаб, бошига полиэтилен пакет кийдиришиб, бир неча соат боши, оёқлари ва танасининг бошқа қисмларига таёқ билан уришган. Бундан маҳбус ҳушини йўқотган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни электрошок билан ҳушига келтириб, яна қийноққа солишган.
Ўтган йил май ойида ҳуқуқ фаоллари ва парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари (Омбудсман) Феруза Эшматова Тўражўжаевдан хабар олган эди. Улар шикоятларни қабул қилиб, калтак изларини қайд қилишган. Ўшанда россиялик қийноқларга дош беролмай, айбини тан олганини айтган.
Ушбу факт юзасидан Омбудсман республика Бош прокуратурасига сўров юборган, бироқ назорат маҳкамаси томонидан қийноқларга доир иш текширилганми ёки йўқ, бу ҳозирча номаълум.