Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари республика биринчи президенти Нурсултон Назарбоев жияни Қайрат Сатибалдиулининг ноқонуний олиб қичиб кетган активлари бўйича 44,6 миллиард тенге (98,6 миллион доллар) миқдоридаги маблағни мамлакатга қайтарди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда аниқлик киритилишича, пул «куни-кеча» қайтарилган. Улар давлатга етказилган зарар ўрнини қоплаш сифатида республика бюджетига юборилган.
Ўтган йил май ойида агентлик тергов бошланганидан бери собиқ давлат раҳбарининг жияни иши бўйича 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ қайтарилгани ҳақида хабар берганди. Бир ой аввал бу кўрсаткич 1,4 миллиард долларга етди.
Қайрат Сатибалдиули автоҳалокатда ҳалок бўлган Қозоғистон биринчи президентининг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли. Кейинчалик у фамилияси сифатида отасининг исмини олган. Қайрат Skyline Investment Company S. A. компанияси орқали Қозоғистондаги телекоммуникация хизматларининг тўртдан бирига эгалик қилган. Турли йиллари МХҚда хизмат қилган, сиёсат ва бизнес билан шуғулланган, мамлакатнинг энг бой одамларидан бири бўлган.
2022 йил 13 март куни тадбиркор коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Казактелеком» пул маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинган. Эртаси куни компаниянинг капитал офисида тинтувлар ўтказилган, бир ой ўтгач, тадбиркор назоратидаги фирмалар «Казактелеком» нинг 28,8 фоиз улушини давлат мулкига қайтарган.
2022 йил 26 сентябрда суд Сатибалдиулини «Казактелеком» АК ва «ЦТС» АЖдаги ўғирлик иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилган. Ўша йил ноябрь ойида тадбиркорга нисбатан қиймати 230 миллион доллардан ортиқ бўлган эксклюзив қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари Қозоғистонга қайтарилган.
Сотибалдиули ҳозирда ўртача тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида жазо ўтамоқда. Ўтган декабрь ойида Сатибалдиули шартли равишда озод қилишларини сўраб ариза берган, аммо суд уни рад этган ва ушбу қарорни маҳкумнинг «қонунбузарликлари ва беқарор хатти-ҳаракатлари» билан изоҳлаган.