Қозоғистонда Олжас Бектенов бошчилигидаги янги ҳукумат таркиби тасдиқланди, вазирлар номи primeminister.kz сайтида эълон қилинди.
25 кишидан 21 нафари аввалги Вазирлар Маҳкамаси таркибида ишлаган шахслар. Янги Бош вазир тасдиқлангач, президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ўзи Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари раҳбарларини тайинлади. Бу вазирликларнинг барча собиқ раҳбарлари — Мурат Нуртлеу, Ержан Саденов ва Руслан Жақсилиқов ўз лавозимларини сақлаб қолди.
Тамара Дуйсенова ҳам ҳукумат раҳбари ўринбосари лавозимига қайта тайинланди, Серик Жумангарин ўз лавозимида қолди. Роман Скляр яна Бош вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
2023 йил январида Адлия вазири этиб тайинланган Азамат Эсқараев ўз ўрнида қолди. Энергетика вазири — Алмасадам Саткалиев, Қишлоқ хўжалиги вазири — Айдарбек Сапаров. Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги раҳбари лавозимини мана тўрт йилдан бери Багдат Мусин эгаллаб қолди.
Ўз ўринларини сақлаб қолганлар орасида: Таълим вазири Ғани Бейсембаев, Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек, Экология ва табиий ресурслар вазири Эрлан Нисанбаев, Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Туризм ва спорт вазири Эрмек Маржикпаев, Транспорт вазири Марат Қарабаев, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Светлана Жакупова, Саноат ва қурилиш вазири Канат Шарлапаев, Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев.
Президент Мади Такиевни республиканинг янги Молия вазири этиб тайинлади. У бу лавозимда Эрулан Жамаубаев ўрнини эгаллади. Такиев бунгача парламент қуйи палатаси депутати бўлиб, молия ва бюджет қўмитасига раҳбарлик қилган.
Нурлан Байбазаров Миллий иқтисодиёт вазири этиб тайинланди, у ҳам Бош вазир ўринбосари бўлди. Бунгача Байбазаров «Байтерек» холдинги бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. Миллий иқтисодиёт вазирлиги раҳбари сифатида у ҳукумат раҳбари ўринбосари бўлмаган Алибек Куантиров ўрнини эгаллади.
Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Акмарал Алназарова тайинланди. У бу лавозимда Азҳар Гиниятни алмаштирди. Бунгача Алназарова парламент юқори палатаси депутати бўлган.
Бундан ташқари, Тўқаев Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарини алмаштирди. Бу лавозимга Сирим Шарипхонов ўрнига Чингиз Аринов тайинланди.
Алихан Смаилов бошчилигидаги аввалги Вазирлар маҳкамаси 5 февраль куни истеъфога чиққан эди. Янги ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши 7 февралга белгиланган.