Коррупцияга қарши кураш хизматининг 43 ёшли генерали Қозоғистоннинг янги Бош вазири этиб тайинланди

Олжас Бектенов. Оқўрда матбуот хизмати фотосурати

Олжас Бектенов Қозоғистоннинг янги Бош вазири этиб тайинланди. Тегишли фармонни президент Қосим-Жомарт Тўқаев имзолади, дея хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

Бугун эрталаб ҳукмрон Amanat партияси томонидан таклиф этилган Бектенов номзоди давлат раҳбари ва парламент депутатлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Олжас Бектенов 43 ёшда. У коррупцияга қарши кураш хизмати генерал-лейтенанти. 1980 йил 13 декабрда Қозоғистон ССРнинг Олма-Ота шаҳрида туғилган. 2001 йили Қозоғистон давлат юридик академиясини ҳуқуқшунос (ҳозирги М. С. Нарикбоев номидаги КАЗДЮУ университети) факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Олмаота Адлия бошқармасида бўлим бош мутахассиси сифатида бошлаган. 2005-2006 йиллари Қозоғистон Бош вазири, кейин эса ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев маъмуриятида ишлаган.

Кейинчалик у Адлия вазирлиги, Молия полицияси ва Остона ҳокимлигида ишлаган. 2016 йили Коррупцияга қарши курашиш миллий бюросининг (Коррупцияга қарши кураш хизмати) Остонадаги департаментини бошқарган.

2018 йилдан Антикор раиси ўринбосари ва биринчи ўринбосари, 2022 йили эса мазкур бошқармани бошқарган. 2023 йил 3 апрелда давлат раҳбарининг фармони билан Олжас Бектенов Президент Қосим-Жомарт Тўқаев администрацияси раҳбари этиб тайинланган. Уйланган, уч фарзанди бор.

Сиёсатшунос Дониёр Ашимбаев ушбу тайинловни шарҳлар экан, Бектенов коррупцияга қарши кураш, ноқонуний йўл олиб чиқиб кетилган мулкларни қайтариш, президент фармойишлари бажарилишини назорат қилиш бўйича яхши тажрибага эга эканини таъкидлайди.

Бундан аввал январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг Бош вазир лавозимига тайинланган Алихон Смоилов бошчилигидаги Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиққанди. Парламент фракциялари раҳбарлари билан бўлиб ўтган бугунги учрашувда ушбу қарорни изоҳлар экан, Тўқаев аввалги ҳукумат ҳаракатларида ташаббускорлик ва жасорат етишмаганини, шу билан бирга «барча соҳаларда барқарорликни таъминлаганини» таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ