Тез ёрдам фельдшери қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқарган ва дорихоналарга сотган

Қалбаки дори воситалари. Gazeta.uz сайти фотосурати

Наманган вилоятидаги тез ёрдам бўлими фельдшери уй шароитида қалбаки дори-дармонлар – «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин В6» ишлаб чиқарган. Дорилар Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарга етказиб берилган, деб хабар қилади Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати.

Эркак Андижон вилояти ҳудудида сотиш учун 1000 дона қалбаки «Зодак» дори воситасини олиб кетаётганида қўлга олинган. Маълум бўлишича, фельдшер Наманган вилояти Чортоқ туманида уй лабораториясини ташкил қилган. Тезкор ходимлар томонидан 763 дона «Анаферон», 2125 дона «Зодак», 4000 дона «Витамин В6» дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, йўриқнома ва ёрлиқлар олиб қўйилган.

Бундан ташқари, унинг қариндошиникида ташкил этилган қалбаки дори-дармонлар омборида 120 дона «Зодак», 260 дона «Анаферон», 96 дона «Хилак Форте» ҳамда 313 дона номсиз флаконларда сироп ҳолдаги дори воситалари топилган.

Фельдшернинг сўзларига кўра, у 2023 йил сентябрь ойидан буён қалбаки дори воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланган, хомашё эса унга Қирғизистондан Андижон вилояти фуқаролари томонидан етказиб берилган, ҳозирда уларнинг шахси тергов томонидан аниқланмоқда. Фельдшер Наманган вилоятида қалбаки маҳсулотларини сотмаган, балки Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарга дори-дармонларни етказиб беришни ташкил қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186.3-моддаси 2-қисми «б» ва «е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган (унга кўра, беш йилдан саккиз йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган). Қўлга олинган шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ