Қирғизистон медиа ҳамжамияти МХДҚ раҳбарига очиқ хат билан мурожаат қилди

KAKTUS.MEDIA САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистондаги нашрлар, айрим журналистлар ва ҳуқуқ фаолларидан иборат медиа ҳамжамияти 24.kg нашри ходимларининг ишхонага киришига қўйилган тақиқни бекор қилиш илтимоси билан республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиевга мурожаат қилишди. Тегишли мактуб Knews.kg сайтида эълон қилинган.

Шу тариқа, фаоллар 24.kg бош директори Асел Оторбоеванинг махсус хизмат раҳбарига нашр таҳририяти жойлашган бинодаги муҳрларни олиб ташлашга доир илтимосини қўллаб-қувватлашган.

Хат муаллифларининг эслатишича, агентлик идораси 15 январ куни муҳрланган, тинтув пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари офис жиҳозлари, мобил телефонлар ва бухгалтерия ҳужжатларини олиб қўйишган.

«Биз таҳририятнинг ижарага олинган бинони муҳрлаш ва ОсОО муҳрларини олиб қўйиш учун процессуал эҳтиёж бўлмаганига оид позициясига қўшиламиз», — дейилади жамоавий мурожаатда.

Таъкидланишича, МХДҚнинг хатти-ҳаракатлари таҳририятнинг касбий фаолиятини мураккаблаштирмоқда, шу сабабли нашр сайтидаги янгиликлар сони камаймоқда. Бундан ташқари, агентлик реклама шартномалари, шунингдек солиқлар ва суғурта тўловларини тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаяпти. 24.kg ходимларини маош билан таъминлашда ҳам муаммолар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари оиласида ёлғиз боқувчи ҳисобланади ёки тўланмаган кредитлари бор.

Медиа вакиллари 24.kg нашри республикада 18 йилдан буён фаолият юритиб, мамлакат ва жаҳонда рўй бераётган муҳим воқеаларни тезкор ёритиб келаётганини таъкидлайди. Таҳририят бино муҳрланган бўлишига қарамай, ОАВ қонун талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, нашр раҳбарияти терговчиларнинг биринчи талабига кўра сўроққа келмоқда ва хавфсизлик кучларига сўралган ҳужжатларни тақдим этмоқда.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, 24.kg таҳририяти мурожаатига қўшилган ҳолда тергов органларидан ахборот агентлиги ходимларининг ишхонага киришига рухсат бериш зарурлиги масалани кўриб чиқишингизни сўраймиз», — дея Ташиевга мурожаат қилади журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари.

Очиқ хат муаллифлари бир қанча ташкилотлар, юристлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, медиа экспертлари, раҳбарлар ва Қирғизистоннинг турли оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат. Ҳаммаси бўлиб 27 та имзо чекилган.

ℹ️ 15 январь куни эрталаб МХДҚ ходимлари 24.kg таҳририятига ташриф буюрган. Улар тинтув ўтказиб, компьютерлар ва бошқа офис жиҳозларини олиб қўйишган. Нашр раҳбарияти сўроққа олиб кетилган ва бир неча соатлик суҳбатдан сўнг қўйиб юборилган. Разведка хизматининг аниқлик киритишича, ушбу оммавий ахборот воситасига нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 407-моддаси («Уруш тарғиботи») бўйича жиноий иш қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ