ОАВ: Қозоғистон Экология вазири ўринбосари Антикор ходимлари томонидан қўлга олинди

Мансур Ошурбаев. primeminister.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги республика Экология ва табиий ресурслар вазирлиги ходимларига нисбатан тергов бошлади, унинг доирасида вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Мансур Ошурбаев қўлга олинди, деб хабар беради Press.kz (Ҳукумат 5 февралда истеъфога чиқарилганидан кейин барча вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари ҳозирда вазифасини бажаришмоқда – таҳр.изоҳи).

Антикорнинг ўзи Экология вазирлиги ходимларига нисбатан судга қадар текширув ўтказаётганини тасдиқлади, бироқ тафсилотларни ошкор қилмади. Шу билан бирга, агентлик Ошурбаевнинг ҳибсга олинганини на тасдиқлаган, на инкор этган.

Press.kz манбасининг хабар беришича, Антикор «Ошурбаевга унинг вазирлиги томонидан Дубайда ўтказилган кўргазма бўйича саволлари бор». Вазирлик эса, ўз навбатида Антикорга БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 28-томон конвенцияси (CОР-28) иштирокчиларининг 28-конференциясини ўтказиш харажатлари бўйича ички аудит материалларини юборганлигини таъкидлади.

«Шу муносабат билан 2024 йил 5 февраль куни Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Остона бўйича департаментининг тергов-тезкор гуруҳи томонидан Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари М. Ошурбаевнинг хизмат хонасида ҳужжатлар олиб қўйилди. Ҳозирда вазир ўринбосари ишда эмас», — дея қўшимча қилди агентлик.

Мансур Ошурбаев 2023 йил июнь ойида Экология вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бунгача вазирликнинг Чиқиндиларни бошқаришда давлат сиёсати департаменти директори лавозимида ишлаб келган. Шу билан бирга, «Оператор РОП» МЧЖда ўғирлик бўйича жиноят ишида гувоҳ сифатида иштирок этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ