Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бош вазир Алихон Смоилов бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда Оқорда сайти хабар берди.
«Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддасига мувофиқ қарор қиламан: Қозоғистон Республикаси ҳукумати истеъфоси қабул қилинсин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири вазифасини вақтинча Роман Василевич Склярга юклатилсин», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига янги ҳукумат тасдиқлангунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этиш топширилган.
Скляр аввал Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Президентнинг бугунги фармонига қадар Қозоғистон ҳукуматини Смоилов бошқарган. Тўқаев уни 2022 йил январида Бош вазир этиб тайинлаган ва 2023 йил мартида парламент қуйи палатасига сайловлардан сўнг қайта тайинлаганди.
КазТАГ агентлиги маълумотларига кўра, ҳукумат истеъфоси Тўқаевнинг Смоилов билан учрашувидан сўнг дарҳол юз берган – президент уни 5 февраль куни тушдан кейин қабул қилган.
Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, унда республикани ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари сарҳисоб қилинади. Бир қатор экспертлар айнан шу йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси истеъфога чиқиши эълон қилиниши мумкинлигини таъкидлаганди.
«2024 йил 7 февраль куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Президент Тўқаев янги Бош вазирга топшириқ бериши мантиқан тўғри кўринади. Мажилис бугун ёки эртага бу шахсни унга таклиф қилади», — деб ёзади сиёсатшунос Газиз Абишев бу борада.
Эҳтимол, ўша йиғилишда Тўқаев бугунги қарор сабабларини айтиб бериши мумкин. Ҳукуматнинг истеъфога чиқишидан аввал бутун республика бўйлаб коммунал соҳада бир қатор авариялар юз берди, шунингдек, коммунал хизматлар тарифларининг ошиши эълон қилинди.