Ўзбекистон мева-сабзавотлари киммат бозорларга йўналтирилади

east-fruit.com сайти фотосурати

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қимматроқ бозорларга экспорт қилишга йўналтиради, деб хабар қилади мамлакат президенти матбуот хизмати.

Айнан қандай бозорларга йўналтирилишига аниқлик киритилмаган. Ўзбекистон ҳукумати саккиз давлатдан фитосанитария рухсатномаларини олиш масаласи билан шуғулланмоқда.

Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида 2 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда 2023 йили Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсгани, саноат маҳсулотлари экспорти қарийб 2 миллиард долларга етгани таъкидланди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 1,2 млрд долларлик мева ва сабзавотлар хорижга етказиб берилган.

Мутасаддилар қишлоқ хўжалиги экспортини 3,5 миллиард долларга долларга етказиш мумкинлигини айтди.

Бунинг учун қуйидагилар режалаштирилган:

👉 мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш;

👉 ҳудудларда яна 20 та мобил лаборатория ташкил этилиб, «uzagrolab.uz» электрон платформасига интеграция қилиш;

👉 6 мингта боғ, 3 мингдан зиёд токзор ва дала майдонлари, 344 та қадоқлаш корхонаси хорижий фитосанитария талабларига мувофиқлаштириш;

👉 юқори самарали энтомофаглар олиб келиниб, зараркунанда ҳашаротларга қарши янги турдаги биологик кураш йўлга қўйиш;

👉 пестицидлар муомаласидаги барча жараёнларни рақамлаштириш ва бошқа чораларни кўриш.

Экспортчилар мева-сабзавот маҳсулотларига ихтисослашган халқаро кўргазмаларга тез-тез юборилади, улар қатъий буюртмалар портфелини шакллантиради. Фарғона, Самарқанд ва Тошкент халқаро аэропортлари ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун замонавий инфратузилмалар барпо этилади. Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ҳар бир турдаги маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади.

ℹ️ Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йили 1,7 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилинган. Бугунги кунда Ўзбекистон сабзавот ва меваларининг асосий харидорлари Россия (жами 37 фоиз), Покистон (16,7 фоиз), Хитой (12,3 фоиз) ва Қозоғистон (10,3 фоиз) ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Ҳиндистон бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш режалари, Саудия Арабистони компаниялари қуритилган мевалар ва ёнғоқларни харид қилиш нияти экани ҳамда АҚШ супермаркетларига «келинчак бармоқ» узумлари етказиб берилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ