2 февралга ўтар кечаси Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги ягона иссиқлик электр станциясида (ИЭС) портлаш содир бўлган, кейин ёнғин бошланган. Натижада беш киши жароҳатланган. Шаҳар иссиқ сувсиз қолган, Бишкекнинг бир қанча микрорайонлари — тахминан 60 минг хонадон иссиқлик таъминотисиз қолган. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон пойтахтида ҳаво ҳарорати -5 даража, кечаси эса -8 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, иссиқлик электр станциясида 14-қозон портлаган ва натижада иссиқлик таъминоти қисман тўхтатилган.
«Айни пайтда тизим рециркуляция режимида ишламоқда, яъни қувурлар орқали сув боради, лекин унинг ҳарорати одатдагидан паст бўлади, корхона фаолиятини зудлик билан тиклаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. 2-3 кун ичида иссиқлик электр станциясининг нормал ишлашини тўлиқ тиклашни режалаштирганмиз», — дейди Энергетика вазирлиги раҳбари ўринбосари Насипбек Керимов.
Мулозимнинг қўшимча қилишича, авария содир бўлган қозон 1970 йиллари ишга туширилган ва охирги марта 2023 йил декабрида таъмирланган.
Фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикеев сув тошиб кетгани боис иссиқлик таъминоти кечикаётгани, бинони сувдан тозалаш ишлари олиб борилаётганини айтган.
«Қайта тиклаш учун нималар зарур бўлиши ҳозирча номаълум. Иссиқлик электр станциясининг қуввати ҳозир 200 мегаваттни ташкил этади», — дея тушунтиради вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолдаKaktus.media ИЭСнинг одатдаги қуввати 800 МВтни ташкил қилишини эслатаркан.
Ажикеевнинг сўзларига кўра, ИЭСда қўпорувчилик содир этилгани версияси кўриб чиқилмоқда.
«МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг топшириғига кўра, қўпорувчилик версияси кўриб чиқилмоқда. Чунки эрталаб соат 3 да бир неча марта портлаш юз берган» — деб тушунтиради вазир.
Авария натижасида қозонхона ускуналари операторлари жабрланган — улар қаттиқ куйишган. Икки нафари реанимацияда, бири куйганларни даволаш бўлимида. Яна иккитаси касалхонага ётишдан бош тортган.
Бишкекдаги мактаблар ва болалар боғчалари 5 февралгача онлайн ўқитиш режимига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шаҳардаги клиникаларда режалаштирилган барча операцияларни бекор қилган.
Қирғизистон пойтахти иссиқлик электр станциясида ҳозирда бор-йўғи иккита қозон агрегати ишлаб турибди. Кечқурунгача яна тўрттасини ишга тушириш режалаштирилган, бироқ бу иситиш тизимини тўлиқ тикламайди, деб ёзади 24.kg. Электр энергияси ишлаб чиқариш кўпайган, энергетиклар уни узлуксиз етказиб беришга ваъда беришган.
Иситиш таъминотини стандарт режимга қайтаришнинг тахминий муддати таъмирлаш ишларини ҳисобга олган ҳолда беш кундан етти кунгача вақт олади.
Вазият бевосита Қозоғистондаги ташрифини тўхтатиб, мамлакатга қайтган Президент Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаровнинг бевосита назорати остида.