Ўзбекистонлик футболчи Англия чемпионатида Бекхем, Оуэн ва Холланднинг жамоадошига айланади

Муҳаммадали Ўринбоев. sportmaps.ru сайти фотосурати

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби футболчиси Муҳаммадали Ўринбоев фаолиятини Англия премер-лигасининг «Брентфорд» клуби ўринбосарлари жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда «Пахтакор» матбуот хизмати хабар берди.

18 ёшли Ўринбоев жорий йилнинг 30 июнига қадар «Брентфорд В» клуби томонидан ижарага олинган. Шартноманинг бошқа шартлари кўрсатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Англия футболи афсонаси Дэвид Бекхемнинг ўғли Ромео, шунингдек, футбол юлдузларининг номдоши бўлган ёш инглизлар Райли Оуэн ва Исаак Холландлар «Брентфорд В» жамоасида тўп суради. Шунингдек, жамоанинг мавсум учун қайдномасида Жанубий Корея терма жамоаси ҳимоячиси Ким Жи Су ҳам бор.

Ўринбоев ўзини профессионал инглиз клубида синаб кўрган иккинчи ўзбекистонлик футболчи бўлади. Нодирбек Бобомуродов Англия чемпионатининг 8-дивизионида иштирок этувчи «Литтлхемптон Таун» клубида тўп суради. Қолаверса, ўзбекистонлик футболчилар Саидхон Ҳамидов ва Саид Гаджиев ярим профессионал «Прествич Хейс» клубида ўйнаш тажрибасига эга.

Муҳаммадали Ўринбоев «Пахтакор» тарбияланувчиси. У 16 ёшида асосий жамоада дебют қилган. Ўринбоев «шерлар» сафида ўйнаган барча турнирларда 18та ўйин ўтказиб, битта гол урган. У U-18 Ўзбекистон терма жамоаси сардори бўлиб, у билан олтита ўйин ўтказиб, битта гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ