Болқонободлик фуқаролик фаоли ва ҳуқуқшунос Пиғамбергелди Аллабердиевга Туркманистондан чиқиш тақиқланди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман Хельсинки фонди (ТХФ) хабар берди.
Январь ойи ўрталарида Аллабердиев таниқли уламодан фаолнинг ўтган йили ҳалок бўлган қариндошлари хотирасига масжидда намоз ўқишини сўраш учун икки-уч кунга Эронга боришга ҳаракат қилган. Эрон визасини олгач, у Ашхободдан 53 км узоқликдаги Эронга туташ Бажгирон назорат-ўтказиш пунктида чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган. Аммо чегарачилар уни тўхтатиб, бир соат ўтгач, фаол Туркманистон миграция хизмати томонидан қўйилган тақиқ туфайли мамлакатни тарк эта олмаслигини айтишган. Аммо буни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Шундан сўнг Аллабердиев полиция бўлимига олиб кетилган ва у ерда аввали қамоқхонада фаолни бориб кўрган Ораз исмли Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) ходими у билан бир соатдан ортиқ суҳбатлашган.
«Унга беш йилга мамлакатни тарк этиш тақиқланганини тасдиқлашган ва хориждаги туркман фаоллари билан алоқаларни тўхтатишни талаб қилишган, бу билан Аллабердиевнинг барча ҳаракатлари ва суҳбатлари махсус хизматлар томонидан кузатувда эканига урғу берилган», — дейди ТХФ.
ℹ️ Пиғамбергелди Аллабердиев Туркманистон Нефть ва газ вазирлигининг Балканобод шаҳридаги (собиқ Небитдоғ, Туркманистон ғарбидаги Болқон вилоятининг маъмурий маркази) «Небитдагнефть» бошқармасида адвокат бўлиб ишлаган. 2020 йил бошида у интернетда мухолиф масалаларни муҳокама қилишда қатнаша бошлаган. Ўша йилнинг 5 сентябрь куни номаълум шахс озиқ-овқат дўкони ёнида у билан ёқалашган. Шундан сўнг адвокат ҳибсга олинган.
Аллабердиев қариндошлари боғланган барча адвокатлар «бу ерда сиёсат аралашган» дея фаолни ҳимоя қилишдан бош тортишган. 2020 йил октабрь ойида Аллабердиев «Безорилик» моддаси бўйича олти йилга қамалган.
Ўндан ортиқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти уни қўллаб-қувватлайди. Улар ўз баёнотларида «Аллабердиевнинг жиноий таъқибга олиниши Туркманистон ҳукумати томонидан норозилик кайфиятининг янада тарқалишини олдини олишга уринаётган кампаниянинг бир қисми экани»ни қайд этишган.
Аллабердиев 2022 йил декабрида озодликка чиқади. Тахминларга кўра, унинг номи Нейтраллик куни муносабати билан афв этилганлар рўйхатида бўлган. Уни ишга олишмаяпти. У кичик бизнес очмоқчи бўлган, лекин бунинг учун ҳаракат эркинлиги зарур, расмийлар эса буни рад этишмоқда.