Остонадаги Қозоғистон Миллий музейи ходимлари биринчи қават залидаги кўргазмадан республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳайкалини олиб ташлашди. Бу ҳақда музей матбуот хизмати ТАССга маълум қилди.
Кўргазманинг янгиланиши муносабати билан ҳайкал олиб ташланган. 2024 йили Миллий музейнинг 10 йиллигини нишонлаш доирасида кўргазма залларининг концептуал мазмуни ва бадиий-стилистик дизайни, жумладан Назарбоев ҳайкали жойлашган зал ҳам ўзгаради.
«Ёдгорликка келсак, ушбу экспонат музей мулки ҳисобланади ва зал концепцияси ўзгариши муносабати билан музей фондида доимий сақланади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қозоғистон биринчи президентининг ҳайкали Миллий музейга 2018 йили ўрнатилган эди. Унда собиқ давлат раҳбарининг миллий нақш элементлари солинган курсида ўтиргани тасвирланган. Унинг тепасида қозоқ тилида лотин ҳарфлари билан ёзилган: “Менинг орзуим Қозоғистоннинг «Мәңгілік Ел» бўлиб қолишидир. Вақт ўтади, одамлар ўтади. Лекин Мустақиллик қолади. Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Элбоши Нурсултон Назарбоев». Ҳайкал ва ёзувнинг конфигурацияси АҚШнинг ўн олтинчи президенти Авраам Линкольн шарафига Вашингтон марказидаги ўрнатилган ёдгорликни тўлиқ нусха кўчирилган.
Назарбоевнинг нафақат Қозоғистонда, балки хорижда ҳам ёдгорликлари кўп. «Фарғона» бу ҳақда бир неча йил аввал батафсил ёзган эди. Аммо охирги ойларда улар бирин-кетин демонтаж қилинмоқда. Январь ойи ўрталарида Остонадаги Миллий мудофаа университети ҳудудидан Назарбоев ҳайкали олиб ташланган эди.
Ўтган ҳафта олдин Олмаота метросининг «Алмали» бекатида осилган биринчи президент портрети олиб ташланганлиги маълум бўлган эди. Ниҳоят, январь ойидаги тартибсизликлар иштирокчилари ағдариб, бир неча қисмга бўлиб ташлаган Назарбоевнинг Толдиқўрғондаги тўрт метрли ҳайкали ўз жойига қайтмади.