Қозоғистонда Қантар пайтида хавфсизлик кучлари ва чегарачилар ўртасидаги отишмага доир баёнот текширилади

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати подполковниги Галимжан Садвакасовнинг январь ойидаги тартибсизликлар пайтида хавфсизлик кучлари ва чегарачилар бир-бирига қарата ўқ узгани ҳақидаги баёнотини текширади. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Ержан Саденов парламент қуйи палатаси йиғилишида маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.

«Қантар воқеаларига доир ишлар махсус прокурорлар қўлида бўлган, шунинг учун мен изоҳ беришга ваколатли эмасман, деб ўйлайман. Полиция, шунингдек, айрим ўғирлик ҳолатларини текширган. Шунинг учун бу ерда, албатта, сиз айтгандек ҳар қандай баёнот, ҳар қандай нутқ текширилади ва уларга баҳо берилади», — деди вазир журналистлар саволларига жавоб бераркан.

КазТАГ хабарига кўра, Саденов, шунингдек, отишма ҳақида хабар берган шахс «январь воқеаларига алоқадор бўлганини ва содир бўлган воқеа бўйича ўз версиясини тақдим этишдан манфаатдор эканини» таъкидлаган.

17 январь куни «Азаттиқ» радиоси (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий хизмати) Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати подполковниги Ғалимжан Садвақасовнинг январдаги тартибсизликлар чоғида хавфсизлик кучларининг мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлари ҳақида берган интервьюсини эълон қилган. Садвакасов, жумладан, Олмаотадаги «Коктобе» телеминораси ишғоли чоғида хавфсизлик кучлари ва чегарачилар бир-бирига қарата ўқ узганини айтган. Натижада камида беш киши ҳалок бўлган.

Қозоғистонда январь воқеалари пайтида, расмий маълумотларга кўра, жами 230 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари ҳарбий ва хавфсизлик ходимлари бўлган. Аксарият одамлар Олмаотада ҳалок бўлган — 139 киши.

2022 йил 11 январь куни МХҚ сайтида «Чегарачилар Олмаотада стратегик аҳамиятга эга объектларнинг босиб олинишига йўл қўймади» сарлавҳаси остида пресс-релиз эълон қилинган. Унда айтилишича, митинг чоғида жиноятчилар «Коктобе» телерадио минорасини эгаллаб олишга уринганлар, у ердан бандитлар эфир орқали ўз талабларини илгари сурмоқчи бўлишган, бироқ чегарачилар ҳужумни бартараф этишган».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ