Уч нафар ўзбекистонлик Қозоғистонда «январь воқеалари» пайтида қийноқларга солинганини гапириб берган

respublika.kz.media сайти иллюстрацияси

Ўзбекистоннинг уч фуқароси Қозоғистоннинг «Республика» нашрига икки йил аввал Қозоғистонни қамраб олган январь тартибсизликлари — Қантар пайтида қандай қийноқларга дучор бўлгани ҳақида гапириб берган. Жабрланувчилар қийноққа солган шахларни кўрсатишга тайёр эканликларини айтишган. Бироқ, деб ёзади нашр, ўзбекистонликлар жарбланувчи сифатида кўрилаётган қийноқлар ишида гумонланувчилар ҳозирча йўқ.

«Республика» суҳбатдошлари исм-шарифларини айтмасликни сўрашган, чунки улардан маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олинган. Ўзбекистон фуқароларининг сўзларига кўра, 2022 йил 7 январь куни улар Қозоғистондан автобусда чиқиб кетмоқчи бўлган, бироқ Олмаота-Бишкек трассасида ҳарбий камуфляж кийган одамлар томонидан қўлга олинган. Кейинчалик полиция уларни бир неча кун кетма-кет калтаклаган ва қийноққа солган.

Эркаклар бошидан кечирганларини тасдиқловчи тиббий ҳужжатларни тақдим этишган. Улар қийноқлардан бир йил ўтиб ушбу текширувдан ўтишганига қарамай, уларнинг соғлиғи тикланмаган.

Ҳибсга олинганлар расман Қозоғистонда ишлаган, бироқ хавфсизлик кучлари уларни террорчилар ва «қозоқ аёлларини зўрлаганлар» деб аташган. Ҳужжатлардаги хатолик баҳонасида бир киши калтакланган. Маҳбусларнинг баъзилари тиз чўкишга мажбурланган, шунингдек, калтакланган. Олмаота вилояти, Қорасай тумани, Қўшмамбет қишлоғидаги махсус тергов изоляторида қийноқлар давом этган.

«Улар кўкрагимга ва ён томонларимга уришди. Кўринишидан, ўшанда ўпкам тешилган, қовурғаларим синган. Шифокорлар кейинроқ ўпкамда тешик борлигини айтишди», — деб эслайди нашр суҳбатдошларидан бири.

Эртаси куни эрталаб маҳбусларни камераларга жойлаштиришган. «Кўзларим умуман кўрмай қолди, чунки улар бошимга уришганди, бурним синди, ҳамма ёғим шишиб кетганди», деб эслайди эркак. — Камерадошларим мендаги занжир изларини пайқашганди». Эркакнинг сўзларига кўра, улар маҳбусларни тартибсизликлар учун айбни ўз бўйнига олишга мажбурлашган.

Ҳибсга олинганлар фақат 19 январь куни қўйиб юборилган. Нашр суҳбатдошларининг фикрича, уларнинг «юзлари ва таналаридан калтак излари кетиши учун» шунча вақт панжара ортида сақлашган. Уларнинг барчаси қурилиш ва савдода ишлаб топган пулларини йўқотишган – полиция ходимлари фақат шахсий ҳужжатлари ва телефонларини қайтариб беришган.

Қийноқлар бўйича жиноий иш бошқа жабрланувчи — қирғизистонлик жаззмен Викрам Рузахуновнинг илтимосига кўра очилган, у ҳам Қўшмамбет қишлоғидаги махсус ҳибсхонадан ўтган. Мусиқачи билан содир бўлган воқеа кенг резонансга сабаб бўлганди, чунки полиция ходимлари уни Олмаотадаги норозилик намойишларида қатнашиш учун учиб кетганини камерада «тан олишга» мажбур қилишганди.

Рузахунов атрофидаги вазиятга Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров аралашгач, мусиқачи қўйиб юборилган ва у Бишкекка қайтиб келган. 2022 йил 10 февралда жаззмен Қозоғистон хавфсизлик кучлари томонидан қийноққа солингани ва ўлимдан зўрға қутулиб қолгани ҳақида хабар берган.

«Республика» мақоласида Рузахунов ва қийноққа учраган ўзбеклар уларни калтаклаган ва ҳақорат қилганларни аниқлашгани, аммо бу ишда ҳалигача гумонланувчилар йўқлиги айтилади.

Бундан ташқари, Халқаро ҳуқуқ ташаббуси вакили Айна Шорманбаеванинг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари қийноқлар қўллаган деб кўрсатган хавфсизлик кучлари ходимлари органларда ишлашда давом этмоқда.

Шу билан бирга, ўтган декабрь ойида Олмаотада Қантар пайтида қийноқлар қўлланилган яна бир иш бўйича ҳукм эълон қилинди. Унинг айбланувчилари аэропорт ҳудудида контейнерларда фуқароларни қийноққа солган МХҚнинг 11 нафар ходими бўлган. Бу ишда 50 дан ортиқ одам жабрланувчи сифатида иштирок этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ