Жанаўзенда 800 га яқин нефтчи иш ташлашга чиқди

Видеодан скриншот

Жанаўзен шаҳрида (Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги шаҳар) 29 январь куни кечқурун «Кезби» МЧЖнинг 800 га яқин ходими иш ташлашга чиқди, деб хабар берди ўзининг исми сир қолишини истаган акция иштирокчиларидан бири Vlast.kz нашрига.

Иш ташловчилар иш ҳақини 50 фоизга ошириш, моддий-техник базани янгилаш, шунингдек, юзага келган вазиятга масъул бўлган бир қатор шахсларни ишдан бўшатишни талаб қилишмоқда. Ишчиларнинг эслатишича, 2023 йил сентябрида уларга иш ҳақини 10 фоизга ошириш ваъда қилинган, аммо бу амалга ошмаган. Бу йил йиллик индексацияни ҳисобга олган ҳолда уларнинг иш ҳақи атиги 6 фоизга, бошқа компанияларда эса 9,5 фоизга оширилган. Компания раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар ҳеч қандай натижа бермаган.

«Компанияда коррупция авж олган, ускуналар эскирган ва сифатсиз. Бундан ташқари, овқат таъминотини яхшилашни талаб қиламиз: озиқ-овқат кўпинча совуқ, кўпинча ёмон тайёрланган ва бир йил давомида бир хил меню ишлатилган. Нефтчиларнинг овқатланиши жуда муҳим, чунки биз оғир меҳнат билан қиламиз», — дейди манба нашрга.

«Кезби» МЧЖ нефть қудуқларини таъмирлаш билан шуғулланади. Корхонада мингдан ортиқ киши ишлайди. Унинг ходимлари сўнгги йилларда иш ҳақини ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш талаби билан бир неча бор иш ташлашлар уюштирган. 2022 йили улар ўз талабларига эришганликлари ҳақида хабар берилган эди.

Сўнгги ойларда Манғистаудаги учинчи корхона ишчилари норозилик намойишлари ўтказди. Декабрь ойида «West Oil Software» нефть хизматлари компаниясининг 500 га яқин ходими Тўқаевга бир нечта мурожаатларни ёзиб, иш ташлашга чиқишган. Иш ташлаш суд томонидан ноқонуний деб топилганига ва иш ташловчиларнинг бир қисми ишдан бўшатилганига қарамай, шу кунгача давом этмоқда. Акция иштирокчилари «КазМунайГаз» миллий компанияси таркибига қўшилишни, шунингдек ягона иш ҳақи тизими жорий этилишини, моддий-техника базасини янгилашни талаб қилишмоқда.

Январь ойи ўрталарида «Буюк девор» бурғулаш компанияси (Актау) ишчилари президент Қосим-Жомарт Тўқаевга мурожаат қилиб, корхонани ҳар томонлама текширишни талаб қилишди, шунингдек иш жойларининг қисқартирилишига қарши чиқишди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ