Туркманистон Бош прокуратураси Мари вилояти полиция бўлимида ҳалок бўлган этник балуж Алламурат Худайрамов трамадол препарати таъсирида ўзига ўлимга олиб келувчи тан жароҳатлари етказган бўлиши мумкинлигини маълум қилди ва ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатишдан бош тортди. Бу ҳақда Худайрамовлар оиласи шикоятига Бош прокурор ўринбосари Раҳим Атаев имзоси билан берилган расмий жавобга таяниб Тurkmen.news нашри хабар беради.
«Тергов давомида А.Худайрамов жасадидаги жароҳатлар юзасидан суд-тиббий экспертизаси ўтказилди. Хулоса шуни кўрсатадики, яралар марҳум ўзининг қўллари билан етказиши мумкин бўлган қулай жойларда жойлашган; уларнинг шаклланиш механизмларини инобатга олган ҳолда, ушбу жароҳатларни ўз қўли билан етказгани эҳтимолини инкор этиб бўлмайди», — дейилади Бош прокуратуранинг 9 январдаги жавобида.
Прокуратуранинг иддао қилишича, Алламурат Худайрамов 535 дона трамадол таблеткасини ўзининг тўрт нафар ҳамқишлоғига сотиш мақсадида берганликда гумон қилинган. Натижада уларнинг барчасига нисбатан Мари вилояти, Векилбозор тумани ИИБ ходимлари жиноят иши қўзғатган ва Худайрамовнинг ўзи ҳам қидирувга берилган. 2023 йил 27 ноябрда у ушланган ва Мари вилояти ИИБнинг MR-Е/14МР (тергов изолятори) муассасасида вафот этган.
Прокуратура маълумотларига кўра, унинг ўлимига «трамадол» препаратининг токсик таъсирида бош суягининг оксипитал тешикларида чурра пайдо бўлиши оқибатида мия шиши сабаб бўлган». Текширув натижасида Мари прокуратураси Тункманистон Жиноят-процессуал кодексининг 31-моддаси 1-қисми 2-банди («Қилмишида жиноят таркиби йўқлиги сабаб») асосида Худайрамовнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этган.
Turkmen.news таҳририяти журналистлар ихтиёрида бўлган марҳумнинг жасади кўздан кечирилгани акс этган видеоёзувга асосланиб, Худайрамов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қийноққа солингани ва ўлдирилганини таъкидлайди, чунки инсоннинг ўзи «оёқ кафтида, соннинг орқа қисмида, бел ва думбаларда бундай турдаги жароҳатларни етказолмайди.
Марҳум танасида паяльник, кишан, дубинка зарбалари қолдирган излар кўзга ташланади».
Журналистлар ўртага савол ташлашади: агар Худайрамов полиция бўлимида ўзига жароҳатлар етказган бўлса, у ҳолда ушбу асбобларни қаердан олган? Бундан келиб чиқадики, полиция ходимлари инсон ўзини ўлдираётган пайтда четда туриб, жим томоша қилиб туришган эканда?
Январь ойи ўрталарида Turkmen.news сайти воқеа юзасидан БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитасига шикоят қилган. Таҳририят Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Конституция гаранти сифатида Алламурод Худайрамов ўлдирилиши бўйича холис тергов ўтказишга буйруқ бериши керак, деб ҳисоблайди.
Худайрамовнинг жасади кўздан кечирилгани акс этган видео 20 декабрь куни Turkmen.news сайтида пайдо бўлди. Қайд этилишича, эркак гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилинган. Бундан ташқари, айтилишича,
Худайрамов ҳеч кимдан яширинмай, айбсизлигини исботлаш учун полицияга ўзи келган. Уч кундан кейин унинг шикастланган жасади оиласига қайтарилган ва хавфсизлик кучлари оиладан кечирим сўраган ва сукут сақлашлари учун пул таклиф қилишган.
Қариндошлари бунга рози бўлмай, тергов ўтказишни талаб қилиб, Бош прокуратурага мурожаат қилишган.
ℹ️ Балужлар форс тилида сўзлашувчи миллий озчиликни ташкил этади. Туркман хавфсизлик кучлари уларни кўпинча Эрон ва Афғонистондаги гиёҳванд моддалар савдогарлари билан алоқада бўлганликда гумон қилишади.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch баёнотида Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ ва репрессив давлатлардан бири бўлиб қолаётганини айтилади. 2022 йилдаги раҳбарият ўзгариши инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ оғир вазиятни яхшилагани йўқ.