Қозоғистон Миллий банки Ягона жамғариладиган пенсия фондидан (ЯЖПФ) 173 миллиард тенге (383 миллион доллар) га «Байтерек» миллий холдинг облигацияларини сотиб олди, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.
Миллий банкнинг қайд этишича, облигацияларнинг даромадлилиги 13 фоиз, тўлов муддати 15 йил. Инвестиция қилинган маблағлар транспорт инфратузилмаси лойиҳаларига йўналтирилади ва улар муддатидан аввал ЯЖПФга қайтарилиши кутилмоқда.
«Юқоридаги облигацияларни сотиб олиш инвесторларнинг пенсия жамғармаларининг хавфсизлигини таъминлаш ва реал даромад олиш бўйича узоқ муддатли мақсадларга мос келади», — дейилади регулятор матбуот хизматида.
Аввалроқ «Байтерек»га Ягона жамғариладиган пенсия фондидан жами 500 миллиард тенгегача (1,1 миллиард доллар) сармоя киритилиши режалаштирилгани хабар қилинганди.
Ўтган йил кузида ҳукумат ЯЖПФ «Байтерек» ва «Самрук-Казина» жамғармалари орқали инфратузилма лойиҳаларига 1,5 триллион тенге (3,2 миллиард доллар) сармоя киритиш режалари ҳақида маълум бўлганди. Январь ойида жамғарманинг иқтисодиёт ва молия бўйича бошқарувчи директори Айдар Рисқулов ушбу маблағларнинг бир қисми Россия Қозоғистонда қурадиган учта иссиқлик электр станцияси лойиҳаларини биргаликда молиялаштиришга сарфланиши режалаштирилганини айтган.
Россия президенти Владимир Путиннинг Остонага расмий ташрифи доирасида Қозоғистон ва Россия Кокшетау, Семей ва Уст-Каменогорскда иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича меморандум имзолади. Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари Роман Скляр Россия станцияларни тўлиқ қуришини маълум қилди.
Шуниси эътиборга лойиқки, қозоғистонликларнинг пенсия жамғармаларидан бундай фойдаланиш ғояси аввалроқ ХВФ томонидан танқид қилинган эди. «Биз инфратузилма лойиҳаларини бюджет ҳисобидан молиялаштириш яхшироқ деб ҳисоблаймиз. Қўллаб-қувватлашнинг энг яхши йўли пенсия жамғармаси ҳисобидан бўлишига ишонмаймиз», — деганди Халқаро валюта жамғармасининг Қозоғистон бўйича миссияси раҳбари Николя Бланше.