Қозоғистон Россия нефтининг Ўзбекистонга транзитини 2024 йили аввал режалаштирилган 500 минг тонна ўрнига 550 минг тоннага етказишни кўзламоқда. Бу ҳақда магистрал нефть қувурлари тармоғи миллий оператори «Казтрансойл» компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Январь ойида компания Ўзбекистонга жадвалга мувофиқ 25 минг тонна Россия нефтини етказиб беришни режалаштирган.
Россия Федерациясидан «КазТрансОйл» магистрал нефть қувурлари тизими орқали Ўзбекистонга хомашё 2017 йилдан бошлаб юборилади. Ўшанда транзит ҳажми 67,9 минг тоннани, 2018 йили 35,8 минг тоннани ташкил қилган. 2019-2022 йиллари Россия нефтининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити бўлмаган. 2023 йили компания қўшни республикага 154,3 минг тонна Россия нефтини етказиб берган.
Ўтган йил кузида Россия ва Ўзбекистон нефть етказиб бериш, шунингдек, темир йўл орқали нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув имзолаган эди. Бу Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвада бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича имзоланган. Кутилаётган таъминот ҳажми аниқланмаган.
Бироқ, орадан бир неча кун ўтиб Россиянинг «Ведомости» газетаси Россия нефти Қозоғистон нефтини Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқараётгани ҳақида мақола чоп этган. Нашрнинг ёзишича, бу жараён Қозоғистон нефти қимматли қоғозлар билан савдо қила бошлаганидан кейин бошланган.
2022 йили Украинада МҲО бошланганидан ва Қозоғистондан Россия инфратузилмаси орқали экспорт қилинадиган нефтга нисбатан санкциялар кучайгач, қозоқ компаниялари ўзлари учун нархларни ошириш учун Россия хомашёсидан узоқлашишга ҳаракат қилишган. Шу мақсадда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган, асосан, Каспий қувури консорциуми (КҚК) нефть қувури орқали экспорт қилинган нефть Kebco (Kazakh Export Blend Crude Oil) номини олган. Шундан сўнг Uralsга (илгари Қозоғистон хомашёси экспорт қилинган рус бренди) нисбатан янги сорт учун нарх устунлиги шакллантирилган.
2023 йил 11 октабрь куни Энергетика вазири ўринбосари Эрлан Аккенженов ушбу нашрга шундай изоҳ берганди: «Баъзи интернет ресурсларида Ўзбекистон бозорига Россия нефтининг етказиб берилаётгани Қозоғистон нефтини сиқиб чиқараётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақиқат эмаслигини айтмоқчиман. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикасига 87 минг тонна Қозоғистон нефти ташилди. Агар етказиб бериш шартларини яхшилаш бўйича келишиб олсак, шунга мос равишда (Қозоғистондан Ўзбекистонга нефть экспорти – таҳр.изоҳи) ортади», — деди у Энергетика вазирлиги томонидан тарқатилган видеода.