Ўзбекистон ва Хитой ўз муносабатларини «янги даврда ҳар томонлама стратегик шериклик» даражасига кўтарди. Тегишли қўшма баёнотни 24 январь куни Пекинда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин имзолади, деб хабар беради «Синьхуа» ахборот агентлиги.
Си Цзиньпин 32 йил аввал Ўзбекистон Хитой билан дипломатик муносабатлар ўрнатган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлганини таъкидлади. Икки мамлакат халқи «Ипак йўли руҳини мерос қилиб олган, Хитой-Ўзбек дўстлиги дарахти эса чуқур илдиз ва ям-яшил япроқларга эга бўлиб, ҳаётийлик билан тўла».
«Жумладан, ўтган етти йилдан ортиқ вақт давомида турли соҳаларда соғлом ва фаровон икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлида биргаликда ҳаракат қилдик», — деди Хитй раҳбари.
Хитой Ўзбекистоннинг миллий суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда, ўз тараққиёт йўлини танлашда қатъий қўллаб-қувватлайди, деди Си.
У, хусусан, Хитойнинг:
👉 Ўзбекистондан кўпроқ сифатли маҳсулотларни импорт қилишга;
👉 Ўзбекистон билан янги энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда автомобиллар ишлаб чиқаришнинг бутун саноат занжири бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга;
👉 Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётни ривожлантириш стратегиясини қўллаб-қувватлаш ва унинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш учун йирик лойиҳалар, жумладан, фотоэлектр энергияси, шамол энергетикаси ва гидроэнергетика лойиҳаларида биргаликда ишлашга;
👉 Ўзбекистонлик ёшларга Хитойда ўқиш учун кўпроқ давлат стипендияларини тақдим этишга тайёр эканини маълум қилди.
Си Цзиньпиннинг фикрича, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини имкон қадар тезроқ бошлаш ва Ўзбекистонни денгизга чиқа олмайдиган мамлакатдан қуруқлик йўллари билан боғланган давлатга айлантиришга ёрдам бериш керак.
Икки мамлакат камбағалликка қарши курашда ҳамкорлик қилиши, маҳаллий даражада ҳамкорликни кенгайтириши ва чуқурлаштириши, ўз халқи манфаати учун кўпроқ лойиҳаларни амалга ошириши, маданий-гуманитар алмашинувни чуқурлаштириши керак, деди Си Цзиньпин.
Шавкат Мирзиёев бу йил биринчи бўлиб ташриф учун Хитойни танлагани рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Ҳар сафар Хитойга ташриф буюрганимда унинг ислоҳот ва тараққиёт соҳасидаги ёрқин ютуқларидан ҳайратда қоламан. Президент Си Цзиньпиннинг доно раҳбарлиги туфайли Хитой иқтисодий ривожланиш ва инновацион салоҳият каби кўплаб жабҳаларда жаҳоннинг етакчи давлатига айланди. Ўзбекистон Хитойнинг муваффақиятли ривожланиш тажрибасини ўрганишга ва икки халқ фаровонлиги йўлида модернизация йўлида ҳамкасб бўлишга тайёр», — дея Ўзбекистон президенти сўзларини келтиради «Синьхуа» агентлиги.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг:
👉 «Ягона Хитой тамойили»га қатъий амал қилишини;
👉 ХХР ички ишларига ташқи кучларнинг аралашувига қатъий қарши чиқишини;
👉 Пекинни ўзининг асосий манфаатлари бўйича, жумладан, Тайвань, Шинжон, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларда қатъий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини;
👉 ХХР билан «ёвузликнинг уч кучи» (терроризм, сепаратизм ва экстремизм)га қарши кураш ва ҳар икки мамлакат ва умуман минтақада хавфсизликни таъминлашда ҳамкорлик қилишини таъкидлади.
Мирзиёев заявил, что Узбекистан:
Ўзбекистон президенти ХХР Раисига камбағалликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликка шахсан эътибор қараётгани ва қўллаб-қувватлаётгани учун ташаккур билдирди. Томонлар Ўзбекистонда Хитойнинг «Лу Бань устахонаси» профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланганини олқишладилар.
Музокаралар чоғида 2023 йил якунига кўра икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етгани таъкидланди.Товар айирбошлаш яқин келажакда 20 миллиард долларга етказилиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирилди.
Мирзиёев хитойлик ҳамкорларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.
Музокаралар натижасида «Бир макон, бир йўл»ни биргаликда қуриш, иқтисодий ва технологик ҳамкорлик, ўзаро боғлиқлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, янги энергия манбалари, фан ва маданият соҳаларига оид 15 дан ортиқ ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.
ℹ️ Шавкат Мирзиёев 23 январь куни давлат ташрифи билан Пекинга келди. Си билан учрашувдан олдин у Хитой ишбилармон доиралари вакиллари ва расмийлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Хусусан, ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Цзинь Лицюнь, CNPC нефть ва газ корпорацияси раҳбари Дай Ҳоулян ва бошқалар билан учрашди.
Мирзиёев 24 январь куни кечқурун Гуандун провинциясининг Шэньчжэнь шаҳрига жўнаб кетди, у ерда 25 январь куни Ўзбекистон-Хитой сармоявий форумида иштирок этди, ХХР етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.