Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Олмаотада яқинда ишламай қолган зилзила ҳақида огоҳлантириш тизимини текширади. Бу ҳақда агентлик расмий вакили Арман Тлеукенов маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.
Бу тизим ҳақида аввалроқ «Әділдік жолы» жамоат бирлашмаси директори Дидар Смагулов баёнот берган эди. Унинг сўзларига кўра, 1,1 миллиард тенге (тахминан 2,5 миллион доллар) қийматидаги зилзилани олдиндан огоҳлантириш хизматларини кўрсатувчи компания собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Нурали Алиевга тегишли.
«Биз бу маълумотлардан хабардормиз, ҳамкасбимиз Дидар Смагуловнинг материалини ўқидик. Мазкур ҳолат юзасидан Олмаота антикор бошқармаси «Әділдік жолы» жамоат бирлашмаси томонидан ариза тушган. Материаллар ваколатли органга текшириш учун юборилган ва унинг натижаларига кўра тегишли процессуал қарор қабул қилинади», — деди Тлеукенов.
23 январга ўтар кечаси Олмаота аҳолиси беш магнитудали ер силкинишларини ҳис қилди. Зилзила маркази шаҳардан 264 км жануби-шарқда жойлашган. Фавқулодда вазиятнинг дастлабки дақиқаларида, шу жумладан ҳеч қандай маълумот йўқлиги сабабли, кўплаб олмаоталиклар ваҳимага тушишган — бинолардан эвакуация қилиш пайтида бир неча ўнлаб одамлар жароҳат олган.
Маҳаллий аҳоли зилзила пайтида шаҳар сиреналари ишламай қолганидан шикоят қилган (аммо расмийлар сирена ишлаши учун зилзила кучлироқ бўлиши керак, деб даъво қилишмоқда). Бундан ташқари, ер силкинишлари ҳақида СМС-хабарлар Олмаота аҳолисига зилзилалар пайтида ҳам кела бошлаган.
Ўз навбатида, Олмаота Фавқулодда вазиятлар департаменти зилзиладан эрта огоҳлантириш автоматлаштирилган тизими ҳозирда синов режимида эканлигини ва у тахминан 2024 йилнинг биринчи ярми охиригача давом этишини маълум қилди.
Лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилган. 2022 йили 11 та, 2023 йили эса яна 17 та сейсмик станция қурилган. Taъкидланганидек, ушбу тизим Олмаотада ҳалокатли сейсмик тўлқин яқинлашаётгани ҳақида автоматик равишда сигнал бериб, мобил илова ва сирена-овозли қурилмалари ёрдамида аҳолини олдиндан хабардор қилади.