Қозоқ журналисти Данияр Молдабеков Қантар — икки йил аввал мамлакатни қамраб олган январдаги тартибсизликлар ҳақида ёзган китобини нашр эта олмади. Бу ҳақда у ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
«Қантар (январь-тарж.изоҳи) ҳақидаги китобимни чоп этишни ўз зиммасига олган нашриёт барча босмахоналар уни чоп этишдан бош тортгани ҳақида хабар берди. Олдиндан буюртма берганларга тез орада пуллари қайтарилади. Китобни албатта нашр этаман, лекин энди қачон, қаерда ва қандай қилиб чоп этишни ўйлашим керак», — дейилади хабарда.
Гап рус ва қозоқ тилларида чоп этилиши режалаштирилган «Йил-январь» китоби ҳақида бормоқда. Молдабековнинг сўзларига кўра, у буни роппа-роса икки йил аввал, «деразадан ташқарида пулемёт овози эшитилиб, майдонда юртдошларнинг жасадлари ётган пайтда» ёзишни бошлаган. Кечагача қўлёзма босмахонада бўлган, бироқ журналистнинг айтишича, китоб нашр этилишидан аввал унинг мазмуни билан танишмоқчи бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари у ерга келишган.
«Ўқиб чиқишлари учун сўрашган. Мен уларга бермасликни айтим», — дейди у.
Молдабеков «Республика» нашрига берган изоҳида хавфсизлик кучлари унинг китобига аввал ҳам қизиқиш билдирганини айтади. «Миллий хавфсизлик қўмитасидан одамлар нашриёт билан боғланишган ва менинг контактларимни сўрашган. Шу куни ижтимоий тармоқларда китоб ҳақида ёзиб, унинг муқовасини кўрсатгандим. Китоб тақдимоти учун бошқа жой излашга тўғри келади, чунки аввал келишилган жой менга рад жавобини берди», — дейди журналист. У хавфсизлик кучларининг қизиқиши ортиб бораётганини унинг китобида «январь воқеаларини бизга қандай тарғибот қилишаётгани»га муқобил ёндошув борлиги билан изоҳлайди.
2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланган ва бу оммавий тартибсизликларга айланиб кетган. Шундан сўнг президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлаётганини эълон қилади ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилади. 7 январга келиб вазият барқарорлашади, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинади. Тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатида 238 кишининг исми-шарифи бор.