Хитойнинг Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида 7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди, деб хабар берди Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази.
Ер силкинишлари 23 январь куни маҳаллий вақт билан 0:09 да (Москва вақти билан 22 январь 21:09) қайд этилган. Зилзила маркази Оқсув туманидан 121 км ғарбда ва Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан 270 км жануби-шарқда жойлашган. Зилзила ўчоғи 9 километр чуқурликда жойлашган.
Кейинчалик унчалик кучли бўлмаган бир нечта зилзилалар қайд этилган.
Олмаотада ушбу зилзила сўнгги йиллардаги энг кучлиси бўлиб, маҳаллий аҳолини жиддий қўрқитган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, квартираларда қандиллар ва мебеллар силкинган, одамлар бино қулаб тушишидан қўрқиб, уйларини тарк этишган. Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотларига кўра, зилзила шаҳарда 5 магнитудада сезилган. Ерости силкинишидан кейин департамент аҳолини юқори қаватлардан зинапоядан пастга тушишга ва бинолардан узоқроқ туришга чақирган.
Олмаота ҳокимлиги мактаб ва боғчаларда аҳоли учун йиғув пунктлари ташкил этилгани ҳақида хабар берган. Ушбу материал ёзилган вақтда шаҳарда қурбонлар ва вайронагарчиликлар бўлмаган. Маҳаллий ҳукумат зилзила ҳақидаги фақат расмий маълумотларга ишонишга чақирган. Маҳаллий ОАВлар эса шаҳарда бир неча километрга чўзилган тирбандликлар ва ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги узун навбатлар суратларини чоп этди.
Зилзила эпицентри Бишкекдан 400 км узоқликда жойлашган. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Бообек Ажикеевнинг айтишича, шаҳарда 4-5 кучга эга зилзила сезилган. Зилзилани пойтахт ва бир қатор вилоятлар – Иссиқкўл, Норин ва Чуй вилоятлари аҳолиси ҳам ҳис қилган. Бирор жойда қурбонлар ва вайронагарчиликлар қайд этилмаган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, биринчи, энг кучли ерости силкинишидан сўнг Бишкекдаги кўп қаватли уйлар аҳолиси кўчага югуриб чиққан. Айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида, худди Олмаотадаги каби, тирбандлик юзага келган.
Ерости силкинишлари Ўзбекистоннинг пойтахти ва қатор вилоятларида ҳам сезилган. Тошкент шаҳрида уларнинг кучи 3 балл, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида (зилзила ўчоғидан 600-650 км узоқликда) 3-4 баллни ташкил қилган. Пойтахт аҳолисининг «Газете.uz» нашрига маълум қилишича, юқори қаватларда тебранишлар 30-40 сония давомида сезилган. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида хабар берилмаган.