Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги негизида Спорт вазирлиги ташкил этилди. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни шунга доир қарорни имзолади, деб ёзади «Газета.uz».
Вазирлик спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, тегишли дастурлар ишлаб чиқиш, спортни оммалаштириш, аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб этиш, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда бошқа вазифаларни амалга оширади.
Ёшлар ишлари агентлиги Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилади.
Янги вазирликка ким раҳбарлик қилиши маълум қилинмаган. Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига Адҳам Икромов, Ёшлар ишлари агентлигига Алишер Саъдуллаев раҳбарлик қилган.
Машҳур блогер Хушнудбек Худойбердиев ушбу соҳани кўчманчи спорт деб атади.
«Биргина сўнгги етти йилда спорт бошқаруви олти марта (!) ўзгарди. Қўмита бўлди, вазирлик бўлди, бирлаштирилди, ажратилди, яна бирлаштирилди, яна ажратилди… Ва балки бу ҳали охиргиси ҳам эмасдир, ким билсин», — деб ёзади блогер.
ℹ️ 2021 йил апрель ойида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилганди. 2022 йил февраль ойида вазирлик Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Туризм ва маданий мерос вазирлигига бўлинди. Ўша йилнинг декабрь ойида Спортни ривожлантириш вазирлиги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги деб ўзгартирилиб, Ёшлар ишлари агентлиги унинг тасарруфига ўтказилганди.