Туркман ўқитувчилари давлат раҳбарининг янги портретлари учун пул йиғишга мажбур бўлишмоқда

Сердар Бердимуҳамедов ўзининг янги китоби билан. business.com.tm сайти фотосурати

Туркманистоннинг Болқон вилоятидаги мактаблар ўқитувчилари ишдан бўшатиш таҳдиди остида мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов ва унинг Халқ маслахати (парламент) спикери лавозимини эгаллаган отасининг янги портретларини сотиб олиш учун пул йиғишга мажбурланаётганларидан шикоят қилишган. Бу ҳақда «Азатлиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий бюроси) республикадаги манбаларига таяниб хабар беради.

Туркманистон етакчиларининг янги суратларидан ташқари, ўқитувчилар собиқ давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов шеъридан бир сатр шиор қилиб олинган 2024 йилги плакат ҳамда амалдаги президент китобини сотиб олишлари шарт.

Ўқитувчиларга кўра, уларнинг ҳар бири қуйидаги нарсаларга пул беришга мажбур бўлган:

👉 плакатлар учун 25 манат (давлат курси бўйича 7 доллар ёки қора бозор курси бўйича 1 доллардан сал кўпроқ);

👉 портретлар учун 65 манат (18,5 доллар ёки 3 доллар);

👉 Китоб учун 148 манат (42 доллар ёки 7,5 доллар).

Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, бу харажатлар оила бюджетига жиддий зарба беради. Шу боис ўқитувчилар, ўз навбатида, мактаб ўқувчиларидан ҳар бир киши учун 10 манатдан (тахминан 3 ёки 0,5 доллар) пул ундиришга мажбур бўлишган.

Радиостанция манбасининг айтишича, у мактабда тўлиқ ставкага ишламайди ва 1800 манат (515 ёки қора бозорда 90 доллар) олади. Ўқитувчининг айтишича, унинг рафиқаси ишсиз, оилада уч фарзанди бор. Озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлиги ҳисобга олинса, туркманлар амал-тақал кун кўришмоқда. Шу сабабли, ўқитувчи «юқоридан» буюрилган қўшимча харажатлардан жуда норози.

Шу билан бирга, маблағ йиғиш учун маълум муддат ажратилган ва мактаб директорлари қўл остидагиларидан фоизга қарз олиш эвазига бўлсаям пул топишни сўрашади. Акс ҳолда, ўқитувчилар ўз хоҳиши билан ишдан бўшатиш тўғрисида ариза ёзишга мажбур бўлади, дея огоҳлантиради таълим муассасалари раҳбарлари.

ℹ️ Туркманистонда давлат хизматчиларидан пул ундириш одатий ҳолга айланган. Маълумки, улар турли эҳтиёжлар учун, масалан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, пахта кампаниясига ёрдам бериш, велосипед сотиб олиш ва ҳоказолар учун пул йиғишади.

Мамлакатда анъанавий тарзда Янги йил олдидан келгуси йил шиори эълон қилинади. Бу сафар Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «Маҳтумқули Фраги заковот булоғи» шеъридан сатр олинган.

Президент Сердар Бердимуҳамедов «Ёшлар – Ватан таянчи» деб номланган биринчи китобини ёзгани ва давлат раҳбари, унинг отаси ушбу китоб билан суратга тушгани акс этган янги портретлар сабаб 2024 йили давлат хизматчилари учун молиявий чиқимлар кўпайган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ