Қозоғистонда 1 мартдан бошлаб ягона вақт пояси жорий этилади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон ҳудудида 1 мартдан бошлаб ягона вақт пояси (UTC+5) ўрнатилади, деб хабар беради республика Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати.

«Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида»ги ҳукумат қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди. 29 февралдан 1 мартга ўтар кечаси Остона, Олмаота, Чимкент шаҳарлари, Оқмола, Олмаота, Жамбил, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон вилоятлари ҳамда Абай, Жетису, Улитов вилоятларида соат миллари 1 соат орқага сурилади.

Ҳозирда Қозоғистонда иккита вақт пояси қўлланилади: UTC+5 ва UTC+6. Мамлакат ҳудудининг катта қисми (ғарбий вилоятлар бундан мустасно) UTC+6 зонасида жойлашган. Бироқ, қозоғистонлик олимлар айнан UTC+5 вақт поясида маҳаллий аҳоли табиийликка яқин вақтдан фойдаланишини аниқлашган.

«Тана физиологияси ва фаолияти, гормонал мувозанат нуқтаи назаридан, биз UTC+5 вақт поясига ўтиш билан уйғонамиз, уйғоқ бўламиз ва биологик соатга мувофиқ ухлаймиз, деган фикрдамиз», — дейди РК Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва кадрлар бошқармаси директори Даулет Алдингуров.

2023 йил февралида «қозоғистонликларнинг қайта-қайта мурожаатлари туфайли» ушбу масала бўйича ишчи гуруҳ тузилган эди. Унинг таркибига турли соҳа мутахассислари кирган. Уларнинг фикрича, ягона вақт пояси турли ҳудудлар аҳолиси ўртасидаги вақт тўсиқларини бартараф қилади, транспорт ва бошқа коммуникацияларни мувофиқлаштиришни яхшилайди, бизнес юритиш ҳамда давлат органлари ва фавқулодда вазиятлар хизматларининг ўзаро ҳамкорлигига фойдали таъсир кўрсатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ