Қозоғистон Яқин Шарқ ва Африкага тинчликпарвар кучларини юборади

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига тинчликпарвар кучларини юборади. 19 январь куни парламент палаталарининг қўшма мажлисида президент Қосим-Жомарт Тўқаев шундай таклиф билан чиқди ва депутатлар уни бир овоздан қўллаб-қувватлади, деб ёзади Tengrinews.kz.

Қуйидаги миссияларда қатнашиш учун 430 нафаргача ҳарбий хизматчилар юборилиши кутилмоқда:

👉 «Голан тепаликларида бўлиниш бўйича БМТ кузатувчи кучлари» (UNDOF, Сурия — Исроил).

👉 «БМТнинг сулҳни назорат қилиш ташкилоти” (UNTSO, Фаластин — Исроил).

👉 «Жанубий Судан Республикасидаги БМТ миссияси» (UNISFA, Жанубий Судан).

👉 «БМТнинг Абьеедаги муваққат хавфсизлик кучлари» (UNISFA, Судан).

Қозоғистон Қуролли Кучлари ҳарбий кузатувчилар ва штаб офицерлари сифатида алоҳида хизматчиларни, шунингдек БМТ миссияларида энг кўп талаб қилинадиган пиёда, тиббий, разведка, муҳандислик бўлинмаларини ажратишга тайёр, деди мажлисда мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов.

Жойлаштириш 2024 йилнинг март ойидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган.

Қозоғистон тинчликпарвар баталони 2000 йили тузилган. 2003 йил август ойида 27 кишидан иборат «Казбат»нинг биринчи муҳандислик ва сапёр отряди Ироққа етиб келган. Беш йил давомида қозоқ тинчликпарвар кучлари 4 миллиондан ортиқ ўқ-дори ва портловчи мосламаларни зарарсизлантирган. Бу вақт давомида улар маҳаллий аҳолини ичимлик суви билан таъминлаганлар ва ҚР Мудофаа вазирлиги сайтида кўрсатилганидек, муҳтожларга тиббий ёрдам кўрсатганлар.

2014 йилдан буён 60 нафарга яқин қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар, жумладан, олти нафар аёл БМТнинг Кот-д’Ивуар, Ғарбий Саҳрои Кабир, Ливан, Марказий Африка Республикаси ва Малидаги миссияларида штаб офицерлари ва ҳарбий кузатувчилар сифатида қатнашган.

2018 йили БМТ мандати остида фаолият юритувчи биринчи қозоқ компанияси Ливанга жўнатилган. Беш йил давомида миллий тинчликни сақлаш контингенти ходимларининг саккизта ротацияси (500 дан ортиқ ҳарбий хизматчилардан) амалга оширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ