Актау шаҳрида истиқомат қилувчи аёл уйидаги каналарни заҳарлаши оқибатида қўшни хонадонда икки боланинг ҳалок бўлгани сабаб қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар беради Манғистау вилоят суди матбуот хизмати.
Судланувчи Н. Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 304-моддаси 3-қисми (Санитария қоидалари ёки гигиена меъёрларини бузиш, эҳтиётсизликдан икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топилган. Ушбу модда 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади. Фуқаро Н. беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд унинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар дея — айбига иқрор бўлгани ва қилмишига тавба қилгани, шунингдек, ёш боласи борлигини ҳисобга олган.
Суд мажлисида кўрилган мазкур фожиали воқеа 2023 йил кузида содир бўлган. Текширув давомида фуқаро Н. қўшниларини огоҳлантирмасдан (яшовчиларнинг сўзларига кўра, хонадонини қулфлаб, чиқиб кетган) ўз ҳонадонида ҳашоротларни йўқ қилувчи воситани ишлатгани аниқланган. Натижада юқори қаватда яшовчи етти кишидан иборат оила заҳарланган. Иккита ёш бола вафот этган.
Худди шундай фавқулодда ҳолат аввал ҳам қайд этилган. 2020 йил январь ойида Ақтау шаҳрида яшовчи аёл ўз квартирасида каналарни заҳарлаши оқибатида қўшнисининг боласи интоксикациядан вафот этган. Аёл икки йилга озодликдан маҳрум этилган.