Қозоғистонлик сенатор Янги йилни баҳорда нишонлашни таклиф қилди

zakon.kz сайти фотосурати

Қозоғистон сенати (парламент юқори палатаси) депутати Али Бектаев қозоғистонликларга Янги йилни баҳорда – Наврўз байрамида нишонлашни таклиф қилди. Парламент депутати тегишли сўров билан Бош вазир Алихон Смоиловга мурожаат қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Бектаевнинг сўзларига кўра, 31 декабрь куни нишонланадиган «классик» Янги йил оилавий байрамдан ўзига хос «моддий» тадбирга айланиб қолган.

«Янги йил олдидан шаҳарларда шовқин-сурон кучаяди, байрамга тайёргарлик кўрилади, музли сирпаниш йўллари қурилади, салютлар отилади. Турар-жой мажмуаларида отилаётган пиротехника воситалари ҳатто катталарни ҳам қўрқитиб юборади, болаларнику гапирмасаям бўлади. Савдо марказларида бўш жой бўлмаса, нима ҳақида гапириш мумкин: ҳар бир киши ўз фарзандларининг хоҳиш-истакларини бажараман дея қимматбаҳо совғалар ва ўйинчоқлар қидиради.

Совғаларга кўнгил қўйган ота-оналарни тушуниш мумкин.

Лекин биз яхши биламизки, Янги йил совғаларининг аксарияти хориждан кириб келади ва шу орқали ёт анъаналар, турмуш тарзи, менталитет ва динни тарғиб қилади, корпоратив тадбирлар у ёқда турсин, мактаблар учун арча ва болалар боғчаларида ўтказилаётган тадбирларни айтмаса ҳам бўлади», — деди сенатор.

Унинг фикрича, Қозоғистонда Янги йилни нишонлашнинг алоҳида ижтимоий-мафкуравий анъаналарини шакллантириш вақти келган ва бу байрам Наврўз бўлиши керак.

«Қозоғистон учун Наврўз байрами анъанага айланиши керак. Одамлар Наврўзни улуғ кун, йил боши, куну туннинг тенглашган куни дейишади. Мифологик афсонага кўра, 21 мартга ўтар кечаси Қидир ота даштларни кезиб юради. Одатга кўра, бу кунда одамлар ёмон ниятлардан тозаланади ва янгиланади. Бу кунда одамлар ҳаммага ёрдам қўлини чўзадилар. Улар ҳам бир-бирлари билан самимий саломлашадилар ва хафагарчиликларни кечирадилар, оқ фотиҳа — бата берадилар.

Биз, қозоғистонликлар учун вақт келди, деб ҳисоблаймиз. Бу қадриятлар халқимизнинг маънавий асосига, Наврўз байрами эса асосий миллий мафкурамизга айланиши керак. Наврўз янгиланиш ва уйғониш тимсолига айланиши керак»,дея давом этди Бектаев.

Шу муносабат билан, унинг фикрича, Навруз байрамини нишонлашнинг миллий концепциясини қабул қилиш зарур, бу эса «Боғчадан бошлаб ҳар бир фуқаронинг онгига Наврўз йил боши, ҳамма нарсанинг бошланиши эканлигини сингдиришга ёрдам беради».

Бектаев Наврўзнинг маъно-мазмунини, унинг маънавияти ва қадр-қимматини ўрганувчи илмий марказ очишни ҳам ёқлаб чиқди.

Январь ойи бошида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Egemen Qazaqstan газетасига берган интервьюсида шахсан ўзи учун Янги йил муқаддас маънога эга эмаслигини айтган. «Қолаверса, табиатнинг янгиланишини ифодаловчи ўзимизнинг Янги йилимиз – Наврўз байрами борлигини унутмаслигимиз керак.

Наврўз янгиланиш рамзи бўлиб, уни янгича тарзда: мазмунли, ижодий, янгича ўзига хос элементларни киритиш орқали нишонлаш зарур. Бу жамиятни мустаҳкамлаш, миллий ўзлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман», – деган давлат раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ