Россия Қозоғистонга ўзининг савдо тармоқларига товуқ тухуми етказиб беришни кўпайтириш илтимоси билан мурожаат қилди, деб хабар қилди Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати 17 январ куни.
Бош вазир ўринбосари Серик Жумангарин Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ушбу масалани тезроқ кўриб чиқиш ва Россия Федерациясининг чегарадош вилоятларига Қозоғистон маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш имкониятларини топишни буюрди.
Расмийнинг таъкидлашича, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларида «қарор қабул қилишда мослашувчанлик зарур».
Қозоғистонда маҳаллий паррандачилик хўжаликларининг тухум билан таъминлаш даражаси 2022 йили аҳоли эҳтиёжининг 102 фоизини ташкил этган. 2023 йилнинг 11 ойи давомида республика Россия, Афғонистон ва Қирғизистонга 186,6 миллион дона товуқ тухуми экспорт қилган.
Росстат маълумотларига кўра, Россияда тухум ўтган йили 61,35% га қимматлашган ва янги йилда ҳам ўсишда давом этмоқда, гарчи анча секинроқ бўлсада — 1 январдан 9 январгача мамлакат бўйлаб нархлар ўртача 0,8% га ошган. Россия президенти Владимир Путин аввали тушунтирганидек, уларга бўлган талаб ошган, аммо ишлаб чиқариш кўпаймаган, бундан ташқари, расмийлар ўз вақтида ўз кўрсаткичларини олмаган ва импортни очмаган. Январь ойида Озарбайжон ва Туркия Россияга тухум етказиб беришни бошлаган, Беларусь эса ойнинг биринчи ўн кунлигида ўтган йилга нисбатан икки бараварга кўпайтирган.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин бугун россиялик ҳамкасби Алексей Оверчук билан учрашди. Улар гўштнинг ўзаро савдосига қўйилган чекловларни бекор қилиш ва қозоқ ташувчиларига Россия-Беларусь чегарасидан ўтишга рухсат бериш масалаларини муҳокама қилганлар. Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати таъкидлаганидек, томонлар Россия Федерациясининг 45 та ҳудудидан Қозоғистон орқали Россия чўчқа гўшти транзити очилишини ва 2024 йил 15 январдан бошлаб Қозоғистон чорвачилик маҳсулотларини Россияга етказиб беришга қўйилган чекловлар бекор қилинишини ижобий баҳолаган. Ҳозирда мамлакатлар ветеринария тиббиётига ахборот тизимларини интеграциялаш ниятида, бу эса мунозарали масалаларнинг муҳим қисмини ҳал қилади.
Қозоғистон юк машиналарининг Россия-Беларусь чегарасида туриб қолиши масаласи бўйича томонлар 26 январга белгиланган Евроосиё иқтисодий комиссияси Кенгаши мажлиси олдидан яна бир учрашув ўтказишга келишиб олдилар.