Қозоғистонда бу йил 80 ёшга тўлган Олмаота шаҳрининг собиқ ҳокими, сиёсатчи Заманбек Нурқадиловга ҳайкал ўрнатилади. Бу ҳақда унинг қизи Қуралай Нурқадилова маълум қилди, деб ёзади Orda.kz.
Ёдгорлик Нурқадиловнинг туғилиб ўсган Кеген қишлоғида (Олмаота вилояти) ўрнатилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, мактабга унинг номи берилади, сиёсатчи Олмаотада яшаган уйга ёдгорлик лавҳаси осилади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев имзолаган тегишли мактубни унинг матбуот котиби Берик Уали Нурқадилов шарафига ташкил этилган хотира зиёфатида ўқиб эшиттирди.
«Заманбек Калабаевич истиқлол тонгида кўплаб масъулиятли вазифаларни бажарган фуқаро. Унинг мустақилликни қарор топтириш, ҳудудлар равнақига қўшган салмоқли ҳиссаси инкор этиб бўлмайди. Халқ ўғлонлари номларини улуғлаш ва уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш авлодларнинг бурчидир», — дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган Қозоғистон ОАВлари.
Мухолифатчи оиласига Сенат раиси Маулен Ашимбаев, парламент раиси Эрлан Кошанов, Олмаота акими Эрболат Досаев ва Олмаота вилояти ҳокими Марат Султонгазиев ҳам мактуб юборган.
Заманбек Нурқадилов Олмаота шаҳрининг биринчи ҳокими бўлган, Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаган ва биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг энг яқин сафдошларидан бири ҳисобланган. Бироқ 2004 йилнинг март ойида у кутилмаганда ҳукуматга қарши чиқади, давлат раҳбари сиёсатини кескин қоралайди ва вазирлик лавозимидан четлаштирилади. Ўшандан бери у мамлакат раҳбариятининг ва шахсан Назарбоевнинг муросасиз танқидчисига айланади.
«Коммерсантъ» газетасининг ёзишича, Нурқадилов Қозоғистонда Коррупция бўйича халқаро тергов бюросини ташкил қилган ва унинг қўлида президент Назарбоев ва унинг кўплаб шериклари томонидан содир этилган коррупция жиноятлари ҳақида жуда кўп далиллар борлигини бир неча бор таъкидлаган. У бу айблов далилларини хориж банкларининг сейфларида сақлаётганини айтиб, ўз вақтида оммага эълон қилишга ваъда берган.
2005 йил 12 ноябрда Нурқадилов Олмаотадаги ўз уйида учта ўқ еб, ўлик ҳолда топилган – ўқларнинг бири бошига, иккитаси кўкрагига отилган. Ўлимининг расмий сабаби ўз жонига қасд қилиш бўлган. Сиёсатчининг шериклари унинг ўлдирилганини даъво қилишган. Иш 2006 йилнинг ноябрида ёпилган.
Заманбек Нурқадиловга ҳайкал ўрнатилиши ҳақидаги хабар Остонадаги Миллий мудофаа университети ҳудудида Нурсултон Назарбоев ҳайкали демонтаж қилинганидан бир неча кун ўтиб пайдо бўлди. Ҳозирда ҳайкал Мудофаа вазирлиги биноларидан бирида сақланмоқда, келажакда уни Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Давлат ҳарбий тарихи музейи биносига кўчириш режалаштирилган.