«Январь воқеалари» қурбонларининг яқинлари Тўқаев қароргоҳига киришга урингани учун жаримага тортилди

freepik.com сайти фотосурати

Остона суди январь ойидаги тартибсизликларда қурбон бўлганларнинг қариндошлари ва Кантар билан боғлиқ ишлар бўйича судланганларни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қароргоҳига киришга урингани учун 77 минг тенге (170 доллар) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда акция иштирокчиларидан бири Бахитжан Шингисбековга таяниб Vlast.kz хабар берди.

Нашр суҳбатдошига кўра, у ва яна тўққиз нафар намойишчи тинч йиғинлар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганликда айбланган. Шингисбековнинг таъкидлашича, у ва бошқа жаримага тортилганлар суд қарорини ноқонуний деб ҳисоблайди ва норозилик билдириш ниятида.

15 январь куни Оқорда майдонига январь воқеалари қурбонларининг яқинлари яна йиғилган, улар ўз яқинларини тўлиқ оқлаш ва ўлим ҳолатларини ҳар томонлама чуқур ўрганишни талаб қилиб, президент олдига келишган. Намойишчилар икки йилдан буён давлат раҳбари билан учрашишга уринишгани ва бу натижа бермаганини таъкидлайдилар. Воқеа жойидаги полиция одатдагидек президент билан учрашувга олдиндан ёзилиш кераклигини талаб қилган.

Оқибатда йиғилганларнинг Оқордага йўлини тўсиб қўйишган ва кейин уларни ҳибсга олишган.

Бу расмийларнинг январь воқеалари қурбонлари қариндошларини биринчи марта ҳибсга олиши эмас. Шундай қилиб, 2023 йил августида полиция ходимлари яқинларининг ўлими юзасидан адолатли тергов ўтказилишини талаб қилган 9 кишини Чимкент ҳокимлиги биносидан олиб кетишган.

Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал мамлакатни қамраб олган тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатида 238 кишининг исм-шарифлари келтирилган, 4 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ