Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари салкам 80 миллион рубль (912 минг долларга яқин) нақд пулни ноқонуний равишда Қирғизистонга олиб кетмоқчи бўлган маҳаллий фуқарони қўлга олди. Бу ҳақда хавфсизлик хизматининг Телеграм-каналида хабар берилди.
ДХХ маълумотларига кўра, 1990 йили туғилган Наманган фуқароси Lacetti русумли автомашинани чегара томон бошқарган. Янгиқўрғон туманида транспорт воситаси кўздан кечириш учун тўхтатилган.
Текширув давомида автомашина салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн. 994 минг 900 Россия рубли борлиги маълум бўлган. Аниқланишича, ушбу шахс пулларни чегарадан ўтказиб бериши эвазига 300 АҚШ доллари олиши керак бўлган.
Қўлга олинган шахсга нисбатан Республика Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди («Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш»), 25-моддаси («Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш») билан иш қўзғатилган. Шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Куни-кеча аксинча, мамлакатга ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берилган эди. Sputnik нашри 13 январь куни Давлат божхона қўмитаси ходимлари 1,8 миллиард сўмлик (тахминан 146 минг доллар) олмос билан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлган икки фуқарони қўлга олгани ҳақида ёзган эди. Аниқлик киритилишича, йўловчилар Ҳиндистондан учиб келган: улардан бирининг пальто чўнтагида, иккинчисининг чамадонида тақинчоқлар бўлган. Иккаласи ҳам божхона декларациясида қимматбаҳо тошлар борлигини кўрсатмаган.