Остонадаги Миллий мудофаа университети ҳудудида биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг 2020 йили 80 ёшга тўлиши муносабати билан очилган ҳайкали демонтаж қилинди, деб ёзади Tengrinews.kz.
Тегишли фотосуратлар 12 январь куни эрталаб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган. Университет ушбу қарор сабабларини кўрсатмай, ҳайкал ҳозирда омборхонада сақланаётганини тасдиқлаган.
Кейинроқ Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ёдгорликни Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Давлат ҳарбий тарихи музейи биносига кўчиришга қарор қилганини тушунтирган. Бу Миллий мудофаа университети номининг ўзгариши муносабати билан амалга оширилган — яқин вақтгача у «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбаси» номида бўлган, аммо кейинчалик ундан Нурсултон Назарбоев номи олиб ташланган.
Ҳозирда ёдгорлик мудофаа бошқармаси биноларидан бирида вақтинчалик сақланмоқда, дея қўшимча қилди матбуот хизмати.
Назарбоевнинг нафақат Қозоғистонда, балки хорижда ҳам ёдгорликлари кўп. «Фарғона» бу ҳақда бир неча йил аввал батафсил ёзган эди. Биргина пойтахтнинг ўзида бир нечта бундай ёдгорликлар мавжуд: улардан бирини Назарбоев кутубхонасида (яқинда унинг асосида Президент маркази очилган), бошқасини Қозоғистон Миллий музейида кўриш мумкин. 2008 йил 6 июлда Қозоғистон пойтахти марказида очилган «Қозоқ эли» ёдгорлигида Назарбоевнинг барельефи бор.
Бироқ, 2022 йил январь воқеаларидан кейин ёдгорликлар камайди. Ўшанда тартибсизликлар иштирокчилари собиқ президентнинг Толдиқўрғонда ўрнатилган тўрт метрлик ҳайкалини йиқитиб, синдириб ташлаганди.
Миллий мудофаа университети биносига «сақлаш учун» келтирилган ёдгорлик 2020 йил июль ойи бошида, коронавирус эпидемияси авжига чиққан пайтда очилган эди. Маросимда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев онлайн тарзда иштирок этиб, Назарбоев ҳар доим мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келаётганини айтганди.
«Мустақиллик йиллари бошида Нурсултон Абишевич Назарбоев ҳарбий қурилишнинг энг мураккаб муаммоларини ҳал этишда шахсан иштирок этди», — деганди Тўқаев ва қудратли қуролли кучларга эга кучли давлатгина бутунлик ва нуфузни сақлаб қолиши мумкинлигини қўшимча қилганди.