Тожикистон шимолида жойлашган Хўжанд шаҳар суди мухолифат фаоли Илҳомжон Ёқубов (Якубов) ва унинг оила аъзоларини сиртдан узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Айбланувчилар хорижда яшаётгани учун суд уларнинг иштирокисиз ўтди, деб хабар беради «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий бюроси).
Ҳукм эълон қилинган суд жараёни ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтган. Нашрнинг тергов органларидаги манбасининг аниқлик киритишича, сиёсатчининг отаси Додожон Ёқубов 14 йил, онаси Очажон Ёқубова ва синглиси Мунира Ёқубова мос равишда етти ва беш ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Мухолифатчининг ўзига «узоқ қамоқ жазоси» берилди, дейди радиостанциянинг аноним суҳбатдоши. Унинг қўшимча қилишича, оиланинг барча аъзолари экстремистик ташкилотлар билан алоқадорликда айбдор деб топилган.
Илҳомжон Ёқубов, ўз навбатида, суд қарорига қўшилмаслигини ва уни қаттиққўл деб ҳисоблашини билдирди.
«Кекса ота-онам ва синглимнинг фаолиятимга мутлақо алоқаси йўқ. Нега улар қамоқда ўтириши керак?» — дея фаолнинг жаҳли чиқади.
Ёқубов бир неча йил давомида Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП)*нинг Сўғд вилоятидаги идорасини бошқарган. 2015 йили республика ҳукумати ушбу сиёсий бирлашма фаолиятини тақиқлаб қўйган ва фаол мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Унинг ортидан ота-онаси ва синглиси ватанни тарк этишади.
Ёкубовнинг сўзларига кўра, Тожикистонда фақат унинг акаси қолган, у бир мунча вақт ўтиб ғойиб бўлган. Ва фақат 2018 йили сиёсатчи укасининг ўлими ҳақида билиб олади. Боз устига, қариндошлари унинг қабрини Хўжанддаги қабристондан зўрға топишган.
Илҳомжон Ёқубов 2016 йилдан бери миллий, ирқий ва диний адоват ҳамда экстремизмни қўзғатишда айбланиб, қидирувда бўлган. 2023 йили фаолнинг ота-онаси ва унинг синглиси қидирувдагилар рўйхатига киритилган.
Ёкубов айни дамда Тожикистон Миллий Альянси ташкилоти аъзоси бўлиб, унга хорижда жойлашган тўртта мухолиф партия киради. Бундан ташқари, фаол Марказий Осиё мигрантлари уюшмаси раҳбари сифатида хориждаги ватандошларга ёрдам кўрсатади.
Республикадан ташқарида яшовчи тожикистонликларга нисбатан илгари ҳам ҳукм чиқарилган. Шундай қилиб, 2018 йили Хатлон вилояти суди ТИУП етакчиларидан бири Шамсиддин Саидовни сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Тожикистон Миллий Альянси раҳбари Муҳиддин Кабирий ҳам худди шундай тақдирга дучор бўлиб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).