Латвия терма жамоасининг амалдаги дарвозабони Роберт Озолс Ўзбекистон Суперлигаси иштирокчиси «Қизилқум» (Навоий) клуби билан шартнома имзолади.
Озолс «Қизилқум» сафига эркин агент сифатида қўшилади. Шартнома тафсилотлари кўрсатилмаган. Катта эҳтимол билан латвиялик дарвозабон билан шартнома бир йилга тузилади. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг нархи 300 минг еврони ташкил қилади.
28 ёшли Озолс фаолиятида «Қизилқум» илк хориж клуби бўлади. Ўз навбатида Озолс ҳам навоийликлар жамоаси тарихидаги илк латвиялик футболчи бўлади.
Озолснинг сўнгги иш жойи ўтган мавсумда миллий чемпионатда бронза медалини қўлга киритган Латвиянинг «Ауда» клуби бўлганди.
Ўтган мавсум якунида «Қизилқум» «Қўқон» билан плей-офф ўйинидаги ғалаба эвазига турнир жадвалида 12-ўринни эгаллаб, Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолганди.
Роберт Озолс Лиепайнинг «Металлург» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолиятини 2013 йили Юрмаланинг «Спартак» клубида бошлаган. 2014 йили у Риганинг «Даугава» клубига кўчиб ўтади, бир йил ўтгач, у «Рига» билан шартнома имзолайди, у билан уч марта чемпион бўлган ва бир марта Латвия кубогини қўлга киритган, шунингдек, мамлакат терма жамоасига киролди. Озолс 2022 йили «Ауда» клубига ўтган. У Латвия терма жамоаси сафида 18 та ўйин ўтказган, жумладан, жаҳон ва Европа чемпионатлари, шунингдек, УEФА Миллатлар лигаси саралаш ўйинларида иштирок этган. У охирги марта ўтган йил ноябрь ойида ЕВРО-2024 саралаш ўйинида Хорватияга қарши (0:2) Латвия терма жамоаси дарвозасини қўриқлаган.
Озолс турк мухлисларининг севимли футболчиси, чунки у жароҳатига қарамай Латвия терма жамоаси сафида 2022 йилги жаҳон чемпионатига саралашнинг сўнгги босқичида Норвегияга қарши ўйинда (0:0) майдонга тушган ва бу эса Туркия клубига гуруҳдан чиқишга имкон берган.