Қирғизистонда «Қиш бўлмайди» меми муаллифининг ўлими туфайли қамоқхона ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

serep.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Бош прокуратураси 5 январь куни «Қиш бўлмайди» деган гапи билан машҳур бўлиб кетган Арстан Абдилдаевнинг (Алай) жасади осилган ҳолда топилган 31-колония ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда назорат маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, терговга қадар текширув чоғида колония ходимлари томонидан «Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни қамоқда сақлаш тартиби ва шартлари тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилмаган ва Арстан Алай хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмаган. Бу эса унинг ўлимига олиб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан жазони ижро этиш муассасаси мансабдор шахсларига нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 348-моддаси («Масъулитясизлик») билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳарбий прокуратура терговни ўз зиммасига олган.

ℹ️ Арстан Абдилдаев 55 ёшида вафот этди. 2011 йили у президентлик сайловларида қатнашиб, 0,47 фоиз овоз олган. У бир неча ойдан сўнг матбуот анжуманида 2012 йили «Олтин давр» бошланишини, Ердаги ҳаёт қирғизлардан келиб чиққанини эълон қилгач, кенг шуҳрат қозонган. Унинг «қиш бўлмайди» ибораси Интернет-мемга айланган.

2019 йил сентябрида Абдилдаев ўзини янги Худо деб эълон қилган ва шунинг учун унга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг «Ирқий, этник, миллий, диний ёки минтақалараро адоватни (нифоқ) қўзғатиш» моддаси бўйича жиноий иш очилган. Мутахассислар Арстан Алайнинг сўзлари ва матнларида динлараро адоват қўзғатувчи белгилар бор-йўқлигини аниқлаш учун тўрт ой вақт сарфлашган. Натижада улар унинг чиқишлари экстремистик руҳда бўлмаган хулосага келишган ва иш ёпилган.

2023 йил декабрь ойи ўрталарида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Алойни ҳибсга олишган — у яна диний адоват қўзғатишда гумон қилинган. «У ўзини «янги Худо», «нажоткор» деб ҳисоблаб, бошқа динлар, эътиқод ва қарашларни паст, заиф ва яроқсиз алданиш деб ҳисоблаган ва уларга салбий баҳо берган», — дея изоҳ берган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.

Алай Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган, бироқ кейинчалик жазони ижро этиш хизмати хабарига кўра, психиатр тавсияси билан 31-сонли тиббий-ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилган. 5 январь куни эрта тонгда Алай колония ошхонасида осилган ҳолда топилган. Унинг ўлимига ҳеч кимнинг алоқаси йўқлиги айтилмоқда.

ℹ️ Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази (ҚОММ) директори Бахит Рисбековнинг сўзларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида 31-колонияда яна икки маҳкум вафот этган – бири сил касаллигидан, иккинчиси аппендицитдан. 2020 йилдан 2022 йилгача Қирғизистондаги ахлоқ тузатиш муассасаларида 151 киши вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ